Жамият | 23:45 / 14.03.2020
23492
2 дақиқада ўқилади

Қарши туманида аёл ўз эрини пичоқлаган. Жабрланувчи ИИБ текширув ўтказмаётганидан норози

Шу йилнинг 8 март куни Қарши туманида яшовчи 1987 йилда туғилган И.Қурбоновга унинг турмуш ўртоғи пичоқ ёрдамида тан жароҳати етказган. Фуқаронинг сўзларига кўра, ҳозирча ИИБ воқеа юзасидан бирор чора кўрмаган.

Таҳририятга мурожаат йўллаган қаршилик И.Қурбоновнинг маълум қилишича, жорий йил 8 март куни турмуш ўртоғи, 1991 йилда туғилган Қ.З. билан ўрталарида келиб чиққан жанжал вақтида аёл унга ошхона пичоғи билан ҳамла қилиб, чап елка қисмига санчилиб кесилган тан жароҳати етказади.

Воқеадан хабар топган қўшнилар зудлик билан жабрланувчини тез тиббий ёрдам бўлимига олиб боришади ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатилади.

Касалхона шифокорлари томонидан берилган хабар бўйича ички ишлар бўлими ходимлари келиб, ҳодиса тафсилотларини ўрганиб кетишади.

И.Қурбоновнинг айтишича, шундан сўнг бирор бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора бу масала билан шуғулланмаган. Тан жароҳатининг оғирлик даражаси бўйича суд-тиббий экспертиза ҳам тайинланмаган. Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва Бош прокуратуранинг ишонч телефонларига боғланиб, турмуш ўртоғига нисбатан чора кўрилмаётгани ҳақида йўллаган шикоятлари ҳам самара бермаган.

Жабрланувчининг сўзларига қараганда, воқеа оилавий келишмовчиликлар натижасида юз берган. Турмуш ўртоғи уни ўлдириш мақсадида пичоқ урганлигини, лекин тасодиф туфайлигина омон қолганлигини, бундай ҳолатда унга нисбатан зудлик билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши кераклигини айтади.

И.Қурбонов таҳририятга тақдим этган фотосуратдан жабрланувчидаги тан жароҳати содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлган тарзда етказилганлигини кўриш мумкин.

Қашқадарё вилоят ИИБдан мазкур масалани ўрганиш ва расмий муносабат билдиришни сўраб қоламиз.

Мавзуга оид