ҚҚСни қоплаш юзасидан камерал солиқ текширувини ўтказиш тартиби очиқланди
Қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплаш ва қоплашнинг асослантирилганлиги юзасидан камерал солиқ текширувини ўтказиш тартиби тасдиқланади
Давлат солиқ қўмитасининг “Қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплаш ва қоплашнинг асослантирилганлиги юзасидан камерал солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Низом қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди;
солиқ тўловчини ортиқча тўлаган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқ суммасини қайтаришга;
чет давлат фуқароларига солиқ суммасини қоплашга (қайтаришга) (ТАХ FREE).
Солиқни қоплаш, солиқ тўловчининг Шахсий кабинети орқали солиқ органларига тақдим этиладиган мувофиқ шаклдаги солиқ суммасини қайтариш тўғрисидаги ариза ҳамда Низомда назарда тутилган ҳужжатлар асосида амалга оширилади.
Ноль даражали ставкани қўлланиши натижасида ҳосил бўлган ва қопланиши лозим бўлган солиқ суммасининг асосланганлигини тасдиқлаш учун солиқ тўловчи аризага мувофиқ шаклда солиқ тўловчининг банкдаги ҳисоб рақамига қоплаб берилиши лозим бўлган солиқнинг ортиқча суммаси бўйича ҳисоб-китобни илова қилади.
Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ бошқармаси томонидан, йирик солиқ тўловчилар бўйича эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан кўриб чиқилади.
Давлат солиқ қўмитаси раисининг буйруғига асосан, ариза ва солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг бошқача тартиби белгиланиши шу жумладан, уларни солиқ тўловчининг ҳисобга олинган жойидан бошқа жойда кўриб чиқилиши мумкин.
Солиқ тўловчи томонидан ариза Низомда назарда тутилган ҳужжатларни илова қилмаган ҳолда тақдим этилганда, ариза солиқ органлари томонидан кўриб чиқилмасдан беш кун мобайнида солиқ тўловчига қайтарилиши лозим. Аризаси кўриб чиқилмаган ва қайтарилган солиқ тўловчи, Низомда назарда тутилган ҳужжатларни илова қилган холда, қайта ариза беришга ҳақли.
Аризада кўрсатилган солиқ суммасининг асосланганлигини текшириш учун солиқ органи қопланиши учун аризада кўрсатилган солиқ суммаси асослантирилганлиги юзасидан камерал солиқ текширувини ўтказади. Камерал солиқ текшируви солиқ органининг текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғисиз ўтказилади.
Камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи томонидан ариза тақдим этилган кундан кейинги келувчи кундан бошланади. Камерал солиқ текширувини ўтказиш муддати эллик кундан ошмаслиги керак.
Камерал солиқ текширувини ўтказиш жараёнида солиқ органи зарур ҳужжатлар ва товар-моддий бойликларнинг мавжудлигини ўрганиш юзасидан сайёр солиқ текширувини тайинлаш ҳамда учинчи шахслардан тегишли ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга.
Солиқни қоплаш бўйича камерал солиқ текширувини ўтказиш даврида солиқ органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 138-моддасида назарда тутилган тартибда камерал солиқ текшируви ўтказилиши мумкин.
Камерал солиқ текшируви якуни бўйича солиқ органи солиқ суммасини (тўлиқ ёки қисман) қоплаш ёки солиқ суммасини қоплашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Солиқ суммасини қисман қоплаш ёки қоплашни рад этиш тўғрисида қарор, қоида тариқасида, солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, ҳуқуқни суиистеъмол қилиш белгилари, қалбаки ёки кўзбўямачилик учун битимлар тузилганлиги, солиқ базасини яшириш (камайтириш) фактлари ҳамда бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар аниқланганда қабул қилинади.
Солиқ органи томонидан қабул қилинган қарор солиқ тўловчига унинг Шахсий кабинети орқали, ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир кундан кечиктирмай юборилади.
Солиқ суммасини қоплашни (тўлиқ ёки қисман) рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда солиқ тўловчи тафовут аниқланган солиқ даври учун тақдим этилган қўшилган қиймат солиғи ҳисоботига қоплаш рад этилган солиқ суммаси миқдорида тузатиш киритиши шарт.
Солиқ суммасини (тўлиқ ёки қисман) қоплаш тўғрисида қарор қабул қилиш чоғида солиқ тўловчида солиқлар бўйича қарздорлик мавжуд бўлса, солиқ органи мустақил равишда икки кун ичида қопланиши лозим бўлган солиқ суммасини ҳисобга олиш орқали солиқ қарздорлигини сўндиришни амалга оширади. Бунда, солиқ суммасини қоплаш солиқ тўловчининг ушбу солиқ тури бўйича шахсий карточкасида акс эттирилган ортиқча тўлов суммаси доирасида амалга оширилади.
Солиқ суммасини ҳисобга олиш амалга оширилгандан сўнг, солиқ суммасининг қолган қисми мувофиқ шаклда расмийлаштирилган, солиқ органининг солиқ суммасини қайтариш тўғрисидаги хулосасига асосан солиқ тўловчининг банкдаги ҳисоб рақамига қайтарилади.
Солиқ суммасини қайтариш тўғрисидаги хулоса икки кун ичида солиқ органи томонидан расмийлаштирилади ва расмийлаштирилган кундан эътиборан бир кун ичида электрон шаклда Молия вазирлиги Ғазначилигига юборилади.
Молия вазирлиги Ғазначилиги бир кун ичида солиқ органининг солиқ суммасини қайтариш тўғрисида хулосасини ижро қилади.
Камерал солиқ текшируви якунлангунга қадар солиқ суммасини тезлаштирилган тартибда қоплашга қуйидагилар ҳақли:
йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган Ўзбекистон юридик шахслари;
солиқни қоплашга доир ариза билан бирга амалдаги банк кафолатини тақдим этган ёки Солиқ кодексида белгиланган тартибда солиқ органлари билан гаров шартномасини расмийлаштирган солиқ тўловчилар;
экспорт ва унга тенглаштирилган операцияларни амалга оширувчи шахслар - ноль даражали ставкани қўлланиши натижасида ҳосил бўлган солиқ суммаси бўйича, агар ушбу шахсларга аввал солиқ суммаси қопланиб берилган ва бунда қонунбузарликлар аниқланмаган бўлса;
чет эл дипломатик ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналар;
маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчилари, агар бундай битимда ноль даражали ставка қўлланилиши назарда тутилган бўлса;
солиқ мониторинги иштирокчилари.
Солиқ суммасини қоплашнинг тезлаштирилган тартиби доирасида аризада қайд этилган солиқ суммаси солиқ тўловчига етти кун ичида белгиланган тартибда қоплаб берилади.
Бунда, аризада қайд этилган солиқ суммасининг асосланганлиги юзасидан камерал солиқ текшируви белгиланган тартибда амалга оширилади.
Агар камерал солиқ текшируви натижаларига кўра қоплаб берилишга тақдим этилган сумма ёки унинг маълум қисми асосланмаган деб топилса, у холда солиқ тўловчи унга асоссиз қоплаб берилган суммани ҳамда солиқ қоплаб берилган санадан эътиборан солиқ тўлаб берилган кунга қадар ҳисобланган пеняни бюджетга тўлаб бериши шарт. Кўрсатилган тартиб чет эл дипломатик ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарга, шунингдек маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиларига татбиқ этилмайди.
Мавзуга оид
08:40 / 09.09.2024
Экспорт қилувчилар учун ҚҚС қоплаш тартиби соддалаштирилди
13:50 / 05.09.2024
ХМТ лойиҳаларига етказилган товарлар учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ҚҚС қайтарилади
07:53 / 04.09.2024
Айрим тадбиркорларга ҚҚСнинг бир қисми қайтарилади
13:35 / 12.02.2024