Ўзбекистон | 09:31 / 19.03.2020
2239
5 дақиқада ўқилади

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги қоидаларни ишлаб чиқиш тартиби тасдиқланади

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга киритиш тартиби тасдиқланади

Фото: AFP

Вазирлар Маҳкамасининг “Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга киритиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Тартибга кўра, нормалар ва қоидалар атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб борувчи барча жисмоний ва юридик шахслар учун мажбурий бўлган атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ва мазкур соҳадаги фаолиятнинг хавфсизлиги талабларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланади.

Нормалар ва қоидалар атом энергиясидан фойдаланиш, атом энергиясидан фойдаланиш объектларини жисман ҳимоя қилиш, ядровий материаллар, радиоактив моддалар ва радиоактив чиқиндиларни ҳисобга олиш, назорат қилиш ва жисман ҳимоя қилиш соҳасидаги хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ бўлмаган техник ва ташкилий талабларни белгиламаслиги лозим.

Нормалар ва қоидаларда белгиланган талаблар фан, техника ва ишлаб чиқаришнинг замонавий ривожланиш даражасига асосланиши, шунингдек, Ўзбекистон иштирок этадиган атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг тавсияларини инобатга олиши лозим.

 Нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқиш ўз ваколатларидан келиб чиққан ҳолда атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солувчи махсус ваколатли орган, атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солиш бўйича алоҳида ваколатларга эга бўлган давлат органлари ва атом энергетикаси соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органи томонидан амалга оширилади.

Ишлаб чиқувчи ташкилот нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқишга ўрнатилган тартибда илмий-техник қўллаб-қувватлаш ташкилотларини, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларини, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларни, шунингдек мустақил экспертларни жалб қилишга ҳақлидир.

Нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқиш:

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширишда хавфсизликни таъминлаш заруриятидан келиб чиқиб;

Ўзбекистон иштирок этадиган атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг тавсияларини, илмий тадқиқотлар натижаларини ва атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги миллий ва халқаро тажрибани ҳисобга олиш заруриятидан келиб чиқиб;

Ўзбекистоннинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартириш киритилиши муносабати билан амалга оширилади.

Нормалар ва қоидалар лойиҳасини ишлаб чиқиш учун ишлаб чиқувчи ташкилот ўз таркибий тузилмалари, илмий-техник қўллаб-қувватлаш ташкилотлари ва зарур холларда бошқа вазирлик ва идораларнинг мутахассисларидан иборат бўлган ишчи гуруҳ шакллантиради.

Нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқиш режаси ишчи гуруҳнинг муҳокамаси натижаларига асосан тузилиши лозим.

Ишлаб чиқувчи ташкилот зарур бўлганида ўз ваколати доирасида нормалар ва қоидалар лойиҳаларини ишлаб чиқилишини давлат органлари, илмий ва бошқа ташкилотларга, алоҳида фуқароларга ўрнатилган тартибда топширишга ёки келишув асосида буюртма беришга ҳақли.

Нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқиш техник топшириқ ва тармоқ жадвали асосида амалга оширилади.

Техник топшириқ ва тармоқ жадвали ишлаб чиқувчи ташкилотнинг ҳужжат билан тартибга солинаётган масала тааллуқли бўлган раҳбари ўринбосари томонидан тасдиқланади.

Нормалар ва қоидаларни келишиш ўрнатилган тартибда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали амалга оширилади.

Нормалар ва қоидалар лойиҳасида бошқа вазирлик ва идоралар манфаатларига ёки ваколатларига дахл қилувчи нормалар мавжуд бўлса, ушбу ҳужжат лойиҳаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилиши лозим.

Атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солиш бўйича алоҳида ваколатларга эга бўлган давлат органлари ва атом энергетикаси соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органи томонидан ишлаб чиқилган нормалар ва қоидалар атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солувчи махсус ваколатли орган билан мажбурий тартибда келишилади.

Нормалар ва қоидаларни келишиш давомида вазирлик ва идоралар ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, бундай ҳужжат келишмовчиликлар бартараф қилингунига қадар қабул қилиниши мумкин эмас.

Агар келишмовчиликларни бартараф қилишнинг имкони бўлмаса, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлашга масъул бўлган вазирлик ёки идора бу масалани батамом ҳал қилиш учун Вазирлар Маҳкамасига ёхуд бошқа юқори турувчи органга мурожаат қилиши лозим.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид