Бирламчи тиббий тизим: маош муҳим, ислоҳот ундан ҳам муҳим
Ҳар бир фуқаро ўз соғлиғини сақлаш ҳуқуқига эга. Бутун дунёда бу ҳуқуқ асосий ҳуқуқлардан бири деб тан олинган. Дунё мамлакатларида фуқаролар соғлиғини ҳимоя қилиш у ёки бу даражада давлат томонидан кафолатланади, бу кўрсаткич давлатнинг инсонпарварлик мезони бўлиб хизмат қилади.
Сўнгги ойларда короновирус тарқалиши сабабли давлатлар ўз фуқаролари ҳақида қай даражада қайғуриши аниқ равшан кўриниб қолмоқда. Мамлакатимизда амалдаги қонун асосида зарур чора тадбирлар кўрилгани, ҳукумат ва давлат ташкилотлари томонидан ўзига буюрилган вазифалар сўзсиз бажарилиши натижасида бу касалликни ватанимизда кенг тарқалиб кетишининг олди олинишига ишонамиз.
Шу ўринда баъзи мулоҳазаларни билдирмоқчиман. Айрим депутатлар тиббий ходимларнинг маошларини ошириш таклиф қилишмоқда. Бу ниҳоятда зарур, балки бир мунча вақт олдин амалга оширилиши керак бўлган чора. Лекин биз мамлакат тиббиёт тизимини халқимиз рози бўладиган даражада ўзгартиришимиз учун чуқур ислоҳотлар зарур. Тизимда йиғилиб қолган оғир муаммоларни фақат маош оширилиши билангина ижобий ҳал этиб бўлмайди.
Маълумки, тиббиётнинг бирламчи тизими аҳоли билан доимий мулоқотда бўлиб, уларнинг ҳаёт тарзига таъсир этади, ҳар қандай касаллик билан биринчи рўбарў келади. Шунинг билан бирга, аҳолининг барча эътирозлари, ҳақоратлари, баъзида муштларини ҳам шу қуйи тизим қабул қилмоқда. Шунинг учун ҳам бу тизимда доимий врачлар ( ҳатто Тошкент шаҳрида ҳам) етишмовчилиги кузатилмоқда.
Ривожланган давлатларда тиббиётга ажратилган жами маблағнинг асосий қисми бирламчи тизимни ривожлантириш учун сарфланади. Чунки, бу муассасаларга аҳолининг барчаси мурожаат қилади, уларнинг бир қисмидагина ихтисослашган марказларга ва шифохоналарга мурожаат қилиш эҳтиёжи бор. Агар бирламчи тизим тўлақонли ва самарали ишласа, ўз-ўзидан аҳоли саломатлик кўрсаткичи яхшиланиб, касалликлар асоратланишининг олди олинади. Демак, қиммат клиникаларга эҳтиёж камаяди.
Бизда бугунги кунда маблағлар тақсимоти бутунлай тескари: маблағлар шифохоналардан ортсагина поликлиникалар, ҚВПларга берилади. Бу муассасаларнинг моддий техника базасини яхшилаш, йиллар давомида ҳам жисман, ҳам маънан эскирган тиббий асбоблар ва жиҳозларни тизимли янгилаш йўлга қўйилмас экан, бирламчи тизимдан аҳоли норозилигини тугатиб бўлмайди.
2017 йилда “оптималлаштириш” баҳонаси билан қишлоқ туманларидаги бирламчи тиббий муассаса – ҚВПлар кескин қисқартирилди, тиббий ходимларнинг, аҳолининг эътирозлари инобатга олинмади. Натижада беморлар, ёш болали, ҳомиладор аёллар 5-10 км. йўл юриб шифокор кўригига боришмоқда. Кўпгина қишлоқларда доимий транспорт йўқлигини инобатга олсак, бу йўл яёв босилиши керак.
Шаҳар поликлиникаларида эса тиббий хизмат ва патронаж ишларини яхши ташкил қилиш учун автомашиналар ажратилган. Ваҳоланки, шаҳарда жамоат транспорти юриб турибди. Лекин қишлоқларда жойлашган поликлиникаларгнинг патронаж хизмати учун автомобиллар билан таъминланиши қай даражада? Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай, ҳар куни бир неча километр йўлни яёв босувчи патронаж ҳамширанинг меҳнатини етарли даражада қадрлаяпмизми?..
Аҳолини тиббий хизматдан рози қилиш, ҳар қандай кутилмаган ҳолатлар учун шай туриш мақсадида бирламчи тиббий муассасаларга асосий эътиборни қаратишимиз шарт. Жумладан, ушбу муассасаларни аҳоли учун қулай жойларда ташкил этиш, уларнинг хизмат радиусини мақбул даражага келтириш, ҳар бир врач ва ҳамширага бириктирилган аҳоли сонини тиббиёт ходимининг имконияти чегарасида белгилаш зарур.
Бирламчи тиббий муассасада юритиладиган, лекин тиббий ходимга ҳам, аҳолига ҳам нафи тегмайдиган, фақат назоратчи, текширувчилар учун зарур бўлган ҳужжатлар, ҳисоботлар, тартиблардан воз кечиш вақти аллақачон ўтиб кетди.
Умумий хулоса шуки, соғлиқни сақлаш тизимида чуқур ислоҳотлар зарур. Бу ислоҳотларни халқимизни рози қилиш нуқтаи назаридан пухта ўйлаб, режалаштириш ва амалга ошириш талаб этилади. Бошқача айтганда, фақат маошларни ошириш билан тизимда йиллар мобайнида йиғилиб қолган муаммо ва камчиликларга ечим топишимиз амримаҳол. Шунинг учун чуқур ислоҳотлар ўтказиш зарур.
Фақат бу ишлар “кампания”га айлантирмасдан, шу соҳада катта тажриба тўплаган амалиётчилар, хорижий давлатлар тажрибасидан хабардор олимлар иштирокида бамаслаҳат ташкил қилинса, халқимиз розилигига эришамиз.
Мақсуда Ворисова,
Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси.
Мавзуга оид
13:38 / 06.09.2021
Мақсуда Ворисова Халқ демократик партиясидан президентликка номзод сифатида тасдиқланди
16:00 / 04.09.2021
Талаба ўқисинми ёки ижарага пул топсинми?!
18:12 / 02.09.2021
Мақсуда Ворисова мандат кечикаётгани ҳақида: Давлат тест маркази изоҳ бериши шарт!
14:00 / 05.07.2021