Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ Бош котиби Ўзбекистонда 50 мингга яқин шахсга фуқаролик берилишини олқишлади
Ўзбекистонда фуқаролиги йўқ шахсларнинг ярмидан ортиғи – 50 мингга яқин кишига фуқаролик берилади. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ушбу янгилик билан Ўзбекистонни табриклади.
«Ўзбекистон фуқаролиги йўқ шахсларга фуқаролик бериш орқали аҳолининг кўпинча эътибордан четда қоладиган ва ҳимояга муҳтож қисмининг турмушини яхшилаш томон катта қадам қўйди», – дейилади БМТ баёнотида.
Гутерриш ушбу қонунни дунё миқёсида 2024 йилгача фуқаросизликка тўлиқ барҳам бериш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатларга Ўзбекистон томонидан қўшилган улкан ҳисса деб баҳолади.
«Қолаверса, Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича ўн йиллик ҳаракатлар даврига кирар эканмиз, ушбу янгилик Ўзбекистон ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасликка қатъий жазм этганининг белгиси бўлди», – дея якунланган БМТ сайтидаги расмий баёнот.
Эслатиб ўтамиз, 13 март куни «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири президент томонидан имзоланди.
Унга асосан, 1995 йил 1 январга кадар республика ҳудудига кириб келиб, доимий пропискадан ўтган ва чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган шахслар ҳамда уларнинг фарзандлари ўзлари истаган тақдирда Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.