Спорт | 09:54 / 23.03.2020
5894
2 дақиқада ўқилади

Канада Олимпиадага спортчиларини юбормасликка қарор қилди

Канаданинг Олимпия ва Паралимпия қўмиталари коронавирус эпидемияси сабабли ўз жамоаларини Токиода ёзда ўтадиган Олимпиадага юбормасликка қарор қилди.

Фото: AFP/Getty Images

“Канада Олимпия қўмитаси ва Паралимпия қўмитаси Халқаро Олимпия қўмитаси, Халқаро Паралимпия қўмитаси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини Ўйинларнинг ўтказилишини бир йилга қолдиришга қатъиян чақиради ва уларга Ўйинлар ўтказилиши муддатлари кўчирилиши билан боғлиқ қийинчиликларни енгишда кўмагимизни таклиф қиламиз”, дейилган Канада Олимпия қўмитасининг сайтида эълон қилинган мурожаатда.

“Биз Ўйинлар қолдирилиши билан боғлиқ юзага келадиган муқаррар муаммоларни тан оламиз, бироқ спортчиларимиз ва жаҳон ҳамжамияти хавфсизлиги ва соғлиғидан муҳимроқ нарса йўқ”, деб таъкидлаб ўтилган мурожаатда. 

Аввалроқ ХОҚга коронавирус пандемияси назорат остига олинмагунча Олимпиадани қолдириш чақириғи билан Global Athlete спортчилар ҳамжамияти мурожаат қилган.

“Бутун дунё вирус тарқалишининг олдини олишга бирлашаётган вақтда ХОҚ ҳам худди шундай йўл тутиши лозим”, дейилган Global Athlete баёнотида.

Ушбу баёнот эълон қилингандан бир неча соат ўтиб ХОҚ президенти Томас Бах Токио Олимпиадасининг кўчирилиши бўйича якуний қарор 4 ҳафтадан кейин қабул қилинишини маълум қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид