Жаҳон | 22:28 / 26.03.2020
12122
1 дақиқада ўқилади

АҚШда коронавирусга чалинганларни даволашда соғайиб кетганларнинг қон плазмаси қўлланади

Нью-Йоркдаги қон донорлиги маркази коронавирусдан соғайиб кетганлардан қон плазмасини (қоннинг суюқ қисми) қабул қилишни бошламоқда. Бу плазмада қоронавирусга қарши антитаналар мавжуд бўлиб, у бошқа беморларни даволашда қўлланиши режалаштирилмоқда. 

Фото : EPA

Худди шундай даволаш усули Хитойда коронавирус эпидемияси вақтида қўлланган.

Беморларга қуйиладиган қон плазмасидаги антитаналар улар организмининг вирусдан тозаланишини тезлаштириши керак. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги мутасадди шахслар даволашнинг бу усулини маъқуллашган.

Шу билан бирга, олимлар коронавирус нима учун кўпроқ эркаклар учун хавфлироқ эканини аниқлашга ҳаракат қилишмоқда. Эҳтимол бунда гап эркак ва аёллардаги гормонларнинг иммун жавобга ўзига хос таъсир қилишида бўлиши мумкин. Иммун ҳужайралари эстроген ва тестостеронга жавоб беради. Аёллар ва эркакларда бу гормонлар турли миқдорда бўлгани сабабли иммун жавоби ҳам фарқланиши мумкин.

Маълумки, аёллар ҳужайралари баъзи вирусларга қарши кўпроқ интерферонлар – вирусларга қарши оқсиллар ишлаб чиқаради. Шунингдек, интерферонлар фаоллиги эстрогенлар билан боғлиқлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Бундан ташқари, эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ носоғлом турмуш тарзи кечиради ва касалликнинг кечишини оғирлаштирувчи сурункали касалликларга эга бўлади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид