22:17 / 26.03.2020
18555

«Фавқулодда вазият сифатида ишламасак, натижага эриша олмаймиз» – Шавкат Мирзиёев

26 март куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус масаласига бағишланган видеоселектор бўлиб ўтди.

Унда сўз олган давлат раҳбари мутасаддиларни айни пайтдаги ҳолатга фавқулодда вазият деб қарашга чақирди.

«Коронавирусга қарши фавқулодда вазият сифатида ишламасак, натижаларга эриша олмаймиз.

Биз ҳар куни изланишдамиз. Энг оғир кунлар келади олдимизга, ана шунга ҳаммамиз тайёр бўлишимиз керак. Тайёр бўла олсак, эртага шундан ўтиб кетамиз.

Олижаноб халқимиз бор. Таъзим қилсак арзийди халқимизга. Ҳозирги шароитни тўғри тушуняпти. Лекин баъзи бирларни жой-жойига қўйиб қўйишимиз керак.

Сабр-тоқат билан, меҳнат билан бундан ўтиб кетамиз, Худо хоҳласа. Ақл билан меҳнат қилишимиз керак. Маска тақиб бўлса ҳам, кўчада юриш бўлмайди – одамлар уйда ўтирсин. Чиқартирманглар. Кечқурун одамлар нега гавжум, нега уйда эмас?

Миллатимизни сақлашимиз керак! Бизнинг буюк тарихимиз, маданиятимиз бор, дунё ҳамжамияти олдида ана ўша маданиятимизни кўрсатишимиз керак. Мана шунга эътибор беринглар.

Нуронийларимизни асрайлик. Оқсоқолларимизни, онахонларимизни авайлайлик. Дуо-фотиҳа қилиб, уйда ўтиришсин.

Бефарқ бўлманглар. Юракларингдан ҳис қилиб, мана шундай оғир вазиятда жипслашишимиз, бирлашишимиз, яхши муомалада бўлиб, одамларимизни онгли равишда ишонтириб, шу балодан қутулиб олишимиз керак.

Пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар, санитар ходимларга ўз номимдан ва бутун Ўзбекистон халқи номидан чексиз миннатдорлик билдираман. Битта бўлса ҳам фуқаромизнинг ҳаёти биз учун жуда керак. Буни ҳаммамиз биламиз, лекин шифокорлар шу билан бевосита мулоқот қилиб, унинг ҳаётини сақлаш бўйича жуда катта жонбозлик кўрсатяпти. Улар оғир шароитда ишлаяпти ҳозир. Улар жанг майдонида, десак тўғри бўлади», – деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, 26 март ҳолатига Ўзбекистонда коронавирус тасдиқланган беморлар сони 65 нафарни ташкил этмоқда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top