Ўзбекистон | 22:36 / 26.03.2020
10536
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ўз фуқароларидан воз кечмаган, кечмайди ҳам – ТИВ

Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Авазбек Ҳожиметов АОКАда ташкил этилган брифинг доирасида Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида қолиб кетган фуқаролар юзасидан берилган саволга ҳам жавоб берди.

Ҳожиметовнинг сўзларига кўра, турли оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистон ҳудудида қаровсиз қолдирилгани ва чегарадан ўтказилмаётгани тўғрисида тарқатилган ахборотлар асоссиздир. Мазкур вазият ҳам Ташқи ишлар вазирлиги томонидан назоратга олинган. 

Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари «Жибек Жўли» – «Ғишт кўприк» назорат-ўтказиш пунктидан ўзбекистонликларни ўтказиш борасида ўз ваколатлари доирасидаги вазифаларни бажармоқда. Хусусан, Бош консулхона тақдим этган маълумотда қайд этилишича, мазкур чегара пости орқали 24 март куни 850дан ортиқ, 25 март куни соат 19:00 ҳолатига, 1400дан зиёд фуқаро Ўзбекистон ҳудудига ўтказилган.

Ташқи ишлар вазирлиги хорижда бўлиб турган ўзбекистонликларга алоҳида мурожаат қилар экан, ҳозирги мураккаб шароитда саросимага тушмасликка, имкон борича ўзлари бўлиб турган мамлакатнинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилиб, ўз соғлиқларини сақлаш бўйича зарур чораларни кўришни сўрамоқда. 

«Бу борада дипломатик ваколатхоналаримиз ҳам кўмак беришда давом этади. Ўзбекистон Республикаси ўз фуқароларидан воз кечмаган, кечмайди ҳам», дейилади вазирлик баёнотида.

ТИВ Euronews телеканалида намойиш қилинган репортаж юзасидан ҳам баёнот берди. 

Вазирлик расмийсининг билдиришича, телеканалдаги лавҳада Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари ҳақида сўз борган. 

«Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Москвадан олиб келиш бўйича 21 мартдан чартер рейсларини ташкил этиш бошланганини қайд этишни истар эдик. Бугунги кунгача, 4 чартер рейси ташкил этилди. Бешинчиси 26 март куни соат 20:00 атрофида келиб қўнади.

Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон ва Россия ўртасида, шу жумладан, минтақалараро доимий чартер рейсларни амалга ошириш масалалари ишлаб чиқилган. Бундан мақсад, Ўзбекистон фуқароларини ватанга олиб келишдир. Euronews телеканали лавҳаси Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳақиқий вазиятни акс эттирмайди», дейди Ҳожиметов.

Брифингда маълум қилинишича, Испаниянинг 13 нафар фуқароси 26 март куни чартер рейс билан ватанига қайтарилди.

Маълум қилинишича, вазирликка Испаниянинг Кадис ва Херес шифохоналарининг 6 нафар ходими Ўзбекистонда карантин боис қамалиб қолгани, улар мамлакатга қайтишга ҳаракат қилаётгани ҳақида мурожаат келиб тушган. Мурожаатчи вазирликдан бу борада амалий ёрдам кўрсатишни илтимос қилган. 

Шу муносабат билан ТИВ Испания томони илтимоси билан ушбу йўловчиларни Европага амалга ошириладиган чартер рейс йўловчилари рўйхатига киритиш масаласини ижобий ҳал этган.

Мавзуга оид