Жамият | 15:06 / 31.03.2020
22796
2 дақиқада ўқилади

Нурмат Отабеков коронавируснинг болаларга юқиши масаласида маълумот берди

Коронавирус болаларга юқиши мумкин, аммо уларда хасталик кўпинча енгилроқ кечади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабековга асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: Kun.uz

«Бу касаллик болаларда ҳам учрайди. Фақат уларда катталарга нисбатан бирмунча енгилроқ ўтиши мумкинлигига кўплаб мисоллар бор. Агар болага вирулентлиги, патогенлиги юқори бўлган вирус штамми юққан бўлса ва унинг устига бемор тез-тез касалланиб юрган бўлса, жиддий асоратларга ҳам олиб келиши мумкин.

Адабиётларда кўрсатилишича, 6 фоизгача бўлган ҳолатларда касаллик болаларда оғир кечиши эҳтимоли мавжуд.

Бошқа ҳолларда енгил нафас етишмовчилиги, йўтал, тана ҳароратининг кўтарилиши каби клиник белгилар жиддий асоратларга олиб келмайди», – деди Отабеков 31 март кунги брифингда.

Бош санитария инспектори коронавируснинг болалар орасида тарқалиш кўрсаткичи нега пастлигини ҳам изоҳлади.

«Европанинг кўпгина давлатларида касаллик асосан ёши катталар орасида тарқаляпти. Оғир асоратлар ва ўлим кузатилаётганлар ҳам ёши катталар. Бунга сабаб – уларда болалар сони умумий аҳоли сонига нисбатан олганда ҳам кам. Аҳолининг аксариятини ёши катталар ташкил этади», деди у.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олган 158 нафар беморнинг 5 нафари вояга етмаган болалар.

Мавзуга оид