Жамият | 17:00 / 31.03.2020
14268
2 дақиқада ўқилади

Шеробод туманида карантин учун захира жойлар ва тиббий анжомлар тайёрлаб қўйилди

Бутун дунёни ларзага солган COVID-19, яъни коронавирус пандемияси мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Юртимизда карантин эълон қилингандан буён коронавирус инфекциясининг олдини олиш учун тегишли вазирликлар, давлат идоралари ҳамда туман раҳбарлари бирдек курашмоқда.  

Шу жумладан, Шеробод туманида ҳам хориждан кириб келаётган фуқароларни карантинда сақлаш мақсадида зарурий чора-тадбирлар кўрилиб, туман марказидан қарийб 60 километр олисда жойлашган “Хўжаикон туз” санаториясида 60 ўринга мўлжалланган захира жой тайёрланиб, шай ҳолатга келтирилди. Мазкур санаторияга туман ҳокими Алишер Амиров, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ҳамда туман санитария-эпидемиология назорати маркази бошлиғи ташриф буюриб, захира учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. 

Туман маҳаллий бюджетидан 200 млн сўм маблағ ажратилиб, эҳтиёт чораси сифатида етарлича дезинфекцияловчи моддалар тайёрлаб қўйилди. Шунингдек, касаллик қайд этилган тақдирда беморларга ишлатиладиган зарурий дори-дармон воситалари ҳамда тиббий анжомлар ҳам фавқулодда шай ҳолатга келтирилди.

Бундан ташқари, Шеробод деҳқон ва озиқ-овқат бозорида аҳоли эҳтиёжини қондириш мақсадида гўшт маҳсулотлари арзонлаштирилди. Инфекциянинг олдини олиш учун қўл ювиш мосламалари ўрнатилди. 

COVID-19 пандемиясига қарши курашиш мақсадида, Шеробод туманининг барча ҳудудларида дезинфекциялаш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун ўнга яқин дезинфекцион автомашиналар жалб этилиб, 10 минг литр гипохилорид калций эритмаси кун мобайнида марказий кўчалар, кўп қаватли уйлар ҳамда фуқаролар гавжум жойлар, озиқ-овқат дўконлари ва бошқа маиший объектларда дезинфекциялаш ишлари ўтказилмоқда.

Коронавирусга қарши биргаликда курашиш борасида кўнгилли тадбиркорлар томонидан хайрия тадбирлари ҳам давом этмоқда. Хусусан, “Эмин оға” хусусий корхонаси ташаббуси билан 750 кг ош тузи, 1000 дона тухум, 50 кг нўхат маҳсулотлари аҳолига бепул тарқатилди. Коронавирус туфайли бутун инсониятнинг меҳр-оқибати синовдан ўтказилаётган шу кунларда Шеробод туманида ҳам қатор корхона ва муассасалар, тадбиркорлар ва бошқа саховатпеша фуқаролар ташаббуси билан аҳолига ҳимоя ниқоблари бепул тарқатилмоқда. Хусусан, Шеробод туманидаги “PAXTAOY TEKSTIL” масъулияти чекланган жамияти тиббий ниқоб тикиб, аҳолига бепул тарқатишни йўлга қўйди.

Мавзуга оид