Коронавирусдан ўртача ўлим даражаси гриппникидан 69 марта юқори экани маълум қилинди
Лондон империя коллежи мутахассислари коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг биринчи атрофлича таҳлилини эълон қилишди. Жамоа турли ёшдагилар орасида коронавирусдан ўлиш даражасини ва вируснинг бошқа жиҳатларини ўрганиб чиқишди.
Мутахассислар бунда Хитойдаги касалланиш ҳолатлари, у ердан эвакуация қилинган хорижликлар ва коронавирус тарқалган Diamond Princess круиз лайнеридаги йўловчилар ҳақидаги маълумотлардан фойдаланишган.
Уларнинг баҳолашича, коронавирусдан ўлим ҳолатлари унга учраганлик тасдиқланган ҳолатлардан 1,3 фоизни, ташхислаш ўтказилмаган ҳолатлар ҳисобга олинса 0,66 фоизни ташкил қилади. Таъкидланишича, бу коронавирусдан ўлим ҳолатлари 2 фоиздан 8 фоизгача оралиқда ўзгарган аввалги баҳолашлардан фарқ қилса-да, аммо гриппникидан анча юқори.
Мутахассислар таққослаш учун 2009 йилги H1N1 гриппидан (чўчқа гриппи) ўлим статистикасини келтиришган. Ундан ўлим ҳолатлари умумий касалланиш ҳолатларидан 0,02 фоизни ташкил қилган. Бу эса коронавирусдан ўлим даражаси H1N1 гриппидан 69 марта юқори эканини англатади. Оддий гриппдан ўлим даражаси эса H1N1’никидан 2 марта камроқни, яъни 0,01 фоизни ташкил қилади.
Таҳлиллар коронавирусдан ўлиш хавфи ёшга кучли боғлиқлигини тасдиқлаган. 9 ёшдан кичик болаларда ундан ўлиш даражаси 0,0016 фоизни, 80 ёшдан катталарда эса 7,8 фоизни ташкил қилар экан.
Тадқиқот муаллифларининг фикрича, уларнинг баҳолашлари аввалгиларидан фарқланади, чунки ҳанузгача коронавирусдан ўлимлар таҳлилида коронавирусга тестдан жиддий аломатларга эга одамлар ёки бошқа давлатларда бўлгандан кейин карантинда бўлганлар ўтиши ҳисобга олинмаган.
Шунингдек, ёшга боғлиқ ҳолда нафақат коронавирусдан ўлиш, балки шифохонага жойлаштиришни талаб қилувчи ҳолатлар сони ҳам кўпаяди. 10 ёшдан 19 ёшгача бўлганларда бу кўрсаткич 0,04 фоизни, 20 ёшдан 30 ёшгача бўлганларда 3,4 фоизни ташкил қилган, 50-59 ёшдагиларда 8,2 фоиз ҳолатда шифокорлар ёрдами талаб этилади. 80 ёшдан катталар орасида коронавирусга чалинганлардан 18,4 фоизини шифохонага ётқизишга тўғри келади.
Муаллифларнинг таъкидлашича, улар олган маълумотлар қандай сондаги касалланганларга шифокорлар ёрдами зарур бўлишини олдиндан айтиш имконини беради.
Коронавирусга дунё аҳолисининг 50 фоиздан 80 фоизгачаси чалиниши мумкинлиги ҳисобга олинса, тиббий ёрдамга муҳтожлар сони энг илғор соғлиқни сақлаш тизимлари имкониятларидан ошиб кетиши мумкин.
Мавзуга оид
15:00 / 26.10.2024
Фақат иммунитетни эмас, зеҳнни ҳам ўлдиради: олимлар оддий инфекциялар мия учун хавфли эканини аниқлади
12:39 / 23.02.2024
Санэпидқўмита грипп ва ЎРВИдан ҳимояланиш чораларини эслатди
18:32 / 06.01.2024
Бир нечта грипп вирусларини зарарсизлантира олиши мумкин бўлган янги антитела аниқланди
18:11 / 13.12.2023