Жаҳон | 23:30 / 02.04.2020
62709
8 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Дунёда зарарланиш ҳолатлари миллиондан ошди, Европада минглаб ўлимлар

Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунёда Covid-19’дан зарарланиш ҳолатлари сони миллиондан ошди (1,005,774), 51,6 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, 210 мингдан ортиқ киши тузалган. ЖССТ раҳбари янги зарарланиш ҳолатлари сони ўсишда давом этиши ҳақида огоҳлантирган.

Фото: EPA/Vostock-photo

Буюк Британия жамоат соғлиги ва ижтимоий муҳофазаси департаменти маълумотига кўра, сўнгги икки кунда мамлакатда 1130 киши Covid-19 қурбони бўлди. Бу ўлим ҳолатлари бўйича рекорд кўрсаткичдир.

2 апрель куни мамлакатда яна 569 бемор вафот этди ва эпидемия бошланганидан буён берилган жами қурбонлар сони 2921 кишига етди.

Айни вақтгача Британияда коронавирусни аниқлаш бўйича тест 163 194 кишида ўтказилган, улардан 33 718 нафарида Covid-19’дан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Буюк Британия бош вазирир Борис Жонсон тест қилиш кўламини кенгайтиришни ваъда қилган, зарарланиш белгилари бўлмаган фуқаролар ҳам текширилади.

Унинг ҳукуматини ташхис қўйиш мосламалари бошқа давлатлардагига қараганда камлиги учун танқид қилиб келишмоқда.

Айни вақтда бутун мамлакатдаги 500 мингдан ортиқ тиббий ходимлардан 2 мингга яқинигина Covid-19’ни аниқлаш бўйича тест қилинган.

Британиянинг British Airways авиакомпанияси 36 минг ходимини ишдан бўшатиш зарурати ҳақида эълон қилган. Бу компания персоналининг 80 фоизи демакдир.

Авиакомпания баёнотида бу ишдан бўшатиш эмаслиги, вақтинча қисқартиришга тушганларнинг барчаси ҳар ойда қисқартирилган ҳажмда маош олишда давом этиши қайд этилган.

Британия ҳукумати банклардан банкротлик ёқасида қолган бизнес вакилларига ёрдам кўрсатишни сўраган.

Буюк Британия Бизнес, энергетика ва саноат стратегияси вазири Алок Шарма бундай оғир вазиятда банклар ҳаракатсиз турмаслиги кераклигини айтиб ўтган.

Бундан ташқари, Британия Молиявий бошқарув органи (FCA) банкларни кредитлар бўйича фоизларни ундиришни вақтинча тўхтатишга чақирган.

Сўнгги кунлардаги қайғули статистика АҚШда вазиятни оғирлаштирмоқда, мамлакатда вирусдан зарарланиш билан боғлиқ 235 281 ҳолат қайд этилган, сўнгги бир кунда вирус 884 кишининг ҳаётига зомин бўлди, АҚШда жами қурбонлар сони 5,7 мингдан ошди.

Ҳукумат индивидуал ҳимоя воситаларини катта миқдорда сотиб олишни бошлади, мамлакатдаги захиралар тугаган.

Мамлакатда ишсизлик даражаси янги рекордларни қайд этмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, ишсизлик нафақаси олиш бўйича мурожаат қилган америкаликлар сони 6,6 миллиондан ошади.

Европа: бир кунда минглаб ўлим ҳолатлари

Фото: Reuters

Европанинг бир қанча давлатларида вазият ҳаддан ташқари оғирлигича қолмоқда.

Италия ва Испанияда сўнгги бир кунда яна юзлаб кишилар ҳалок бўлди - мос равишда 760 ва 709тадан ўлим ҳолати. Эндиликда Испанияда ҳам ўлим ҳолатлари 10 мингдан ошди (жами зарарланиш ҳолатлари 110 мингдан ошиқ). Италияда эса жами қурбонлар сони 14 мингга яқинлашган (жами зарарланиш ҳолатлари 115 мингдан ошиқ).

Италия ҳукумати мамлакат вирус тарқалиши чўққисини босиб ўтганига умид қилмоқда, аммо хавф ҳалиям мавжуд - мамлакатнинг нисбатан қашшоқ бўлган жанубий ҳудудларида соғлиқни сақлаш тизими аҳволи ҳам яхши эмас. Иқтисодиёт вазири Роберто Гуалтьери Il Fatto Quotidiano нашрига берган интервьюсида бу йилда ЯИМ ҳажми 6 фоизга пасайишини яхши натижа деб ҳисоблашини айтган.

Франция пойтахтида шифохоналарда жой қолмагани туфайли беморларни тез юрар поездларда Париждан бошқа ҳудудларга олиб кетишмоқда. Испания ҳам шу каби чоралар кўришни режалаштирмоқда.

Францияда 2 апрель ҳолатига кўра вирусдан зарарланиш ҳолатлари 60 мингга яқинлашган, шундан 4503 бемор вафот этган.

Германияда коронавирус тарқалишига қарши жорий қилинган чоралар 19 апрелга қадар узайтирилди. Канцлер Ангела Меркель бу ҳақда қарор қабул қилишдан олдин федерал ерлар раҳбарлари билан конференц-алоқа орқали мулоқот қилган.

Мамлакатда мактаблар, дўконлар, ресторанлар, болалар майдонлари, спорт майдонлари ёпилган, кўплаб компаниялар фаолиятини тўхтатган, аммо зарарланиш ҳолатлари ўсишда давом этмоқда.

Меркель карантин қоидаларига амал қилаётган фуқароларга миннатдорчилик билдирган ва пасха байрами вақтида ҳам сафарга чиқмасликни сўраган. «Пандемия байрамларга қараб ўтирмайди», деган у.

Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, ЕИ иқтисодиёти 5,4 фоизга пасайиши мумкин. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Германияда вирусдан зарарланиш ҳолатлари 84,6 мингдан ошган, 1097 ўлим ҳолати қайд этилган.

Россиядаги вазият

2 апрель куни Россияда яна 771 кишида Covid-19 аниқланди, шундан 595 ҳолат мамлакат пойтахтида қайд этилган.

Москвада бир кунда ушбу вирусдан зарарланган беморлардан 6 нафари оламдан ўтди ва жами ўлим ҳолатлари сони 30тага етди.

Расмий маълумотларга кўра, Россияда айни вақтга келиб 3 548 кишида вирус тасдиқланган. Эпидемия ўнлаб регионларни қамраб олган.

Россия ҳукумати Владивостокдаги портга киритмаган «Коста неоромантика» круиз лайнери Жанубий Корея қирғоқлари томон йўл олган.

Лайнер Россияда ёқилғи, сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари ғамлаб олмоқчи бўлганди. Аммо  Роспотребнадзор экипаж аъзоларидан 418 нафари Осиё мамлакатларига мансублиги туфайли лайнерни портга киритишга рози бўлмаган.

Маълумотларга кўра, лайнер бортида саёҳатчи йўловчилар бўлмаган.

Дунёда яна нималар бўлмоқда?

Фото: EPA/Vostock-photo

Беларусда прокуратура ижтимоий тармоқларда коронавирус билан боғлиқ вазият назоратдан чиқиб кетгани ҳақида ёзган витебсклик шифокорни чақиртирган.

Унинг сўзларига кўра, муассасада унга хушмуомала муносабатда бўлишган, аммо у билан суҳбат видеога ёзиб олинган ва ўз ҳаракати учун хат кўринишида изоҳ бериш сўралган.

Бир ҳафта муқаддам мамлакат президенти Александр Лукашенко КГБга коронавирус билан боғлиқ «ваҳима уйғотувчи хабарлар» манбаларини топишни буюрган, «фейк тарқатувчилар билан шуғулланиш пайти келгани»ни таъкидлаганди.

Айни вақтда Беларусда коронавирусдан зарарланишнинг 304 ҳолати тасдиқланган (сўнгги бир кунда 124 кишида вирус тасдиқланди), бир киши оламдан ўтган. Аммо мамлакатда карантин чоралари жорий этилмади.

Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида ит ва мушук гўштини истеъмол қилиш тақиқланди. Бу тақиқ 1 майдан амалда бўлади.

Экспертлар коронавирус бутун дунё бўйлаб тарқалишига Хитойда ёввойи жониворлар гўшти истеъмол қилиб келингани билан боғлиқ деб ҳисоблашади.

Пандемия бошланганидан буён Хитой ҳукумати бундай гўштни истеъмол қилишни тақиқламаганди, бундай чоралар фақат экзотик жониворларга тааллуқли эди.

Қатор ҳуқуқ ташкилотлари маълумотларига кўра, Осиё мамлакатларида ҳар йили 30 миллионга яқин ит сўйилиб, истеъмол қилинади.

Эронда вирус қурбонлари сони 3 мингдан ошиб кетган, сўнгги бир кунда яна 124 киши вафот этди. Эпидемия бошланганидан буён мамлакатда Covid-19 билан боғлиқ 50 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган. Экспертларнинг ҳисоблашича, ҳақиқий рақамлар кўпроқ бўлиши ҳам мумкин.

Бразилияда аборигенлар орасида илк зарарланиш ҳолати қайд этилди. Кокама қабиласидан бўлган 19 ёшли қиз Covid-19 юқтириб олган. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири пандемия чекка ҳудудларда яшовчи ва тиббий ёрдам етиб бориши қийин бўлган аборигенларга жиддий зарба беришидан хавотирларини билдирган.

Сальвадорда коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди. Мамлакат президенти Найиб Букеленинг маълум қилишича, яқинда АҚШдан қайтган 60 ёшли аёл оламдан ўтган. Букеле Лотин Америкаси давлатлари орасида қатъий карантин жорий қилган ва чегараларни ёпган илк етакчилардан бўлди.

Кубада коронавирус тарқалиши олдини олиш учун ҳар йилги 1 май байрами бекор қилинди. Бу кун ушбу коммунистик давлатнинг сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга кун эди.

Президент Мигель Диас-Канель ташкилотчиларга муқобил вариантлар ҳақида ўйлаб кўришни таклиф этган. Масалан, уйларда мамлакат байроқларини илиб қўйиш ёки виртуал парад ўтказиш.

Мамлакатда 233 кишида коронавирусдан зарарланиш ҳолати тасдиқланган, олти киши вафот этган.

Коронавируссиз ҳаёт

Дунёда Covid-19 пандемияси тарқалиши бўйича вазиятни ўрганувчи Жонс Ҳопкинс университети ҳали коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари қайд этилмаган ҳудудлар рўйхатини тузиб чиққан.

Рўйхатда 41 ном келтирилган - Африканинг  Лесото давлатидан Океаниядаги Микронезиягача.

Рўйхатда Антарктида, Фолкленд ороллари, Тонга, Кука ороли, Науру, Малави, Шимолий Корея, Туркманистон, Тожикистон, Яман ва бошқа номларни кўриш мумкин.

Тўғри, экспертларнинг ҳисоблашича, бу давлатларнинг айримларида авторитар бошқарув туфайли касалланганлар ҳақида статистик маълумотлар мавжуд эмас.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид