Жаҳон | 11:25 / 03.04.2020
6805
2 дақиқада ўқилади

Панама ва Перуда карантин доирасида аёллар ва эркакларнинг бир вақтда кўчага чиқиши тақиқланди

Панама ва Перуда коронавирус тарқалиши олдини олишга қаратилган чоралар қатъийлаштирилди. Унга кўра, ушбу давлатларда энди аёллар ва эркаклар озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш ва бошқа кечиктириб бўлмас вазиятларда ҳафтанинг турли кунлари кўчага чиқадилар.

Фото: EPA

Якшанба кунлари эса ҳеч кимга кўчага чиқишга рухсат берилмайди. Ҳукумат бундай чекловларга кўплаб қоидабузарликларга йўл қўйилаётгани сабабли боришига тўғри келган.

France24 нашрининг хабар беришича, Панамада 1 апрелдан мажбурий ўзини изоляциялаш режимига қўшимча тарзда юқорида тилга олинган янги чеклов киритилди. 

Ҳукуматнинг қарорига кўра, аёллар супермаркетларга ҳафтанинг тоқ кунлари, яъни душанба, чоршанба ва жума кунлари, эркаклар эса жуфт кунлари - сешанба, пайшанба ва шанба кунларигина боришлари мумкин. Якшанба куни эса барчага кўчага чиқиш тақиқланади. Бу қоида 15 кун давом этади.

Ҳукумат бундай гендер чекловларни фуқаролар ҳақида қайғуриши билан тушунтирган. “Бу қатъий чора ҳаётларингизни сақлаб қолишга қаратилган”, деб айтган Панама ички ишлар вазири Хуан Пино.

У ушбу чора одамлар ўзини изоляциялаш қоидаларини тизимли равишда бузаётганлари сабабли киритилганини маълум қилган. Мамлакатда ўзини изоляциялаш режими 25 мартдан киритилган. Унга кўра, аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон харид қилиш учун кун давомида соат 6.30дан 19.30гача 2 соат ажратилади. Аҳолининг қачон кўчага чиқиши мумкинлиги эса уларнинг паспортидаги охирги рақам билан белгиланади.

Аёллар ва эркакларнинг ҳафтанинг турли кунларида кўчага чиқишига чеклов Перуда ҳам жорий қилинди.

Бу ҳақда мамлакат президенти Мартин Вискарра эълон қилган. Унинг таъкидлашича, ушбу чеклов 12 апрелгача амал қилади. 

Вискарранинг таъкидлашича, ушбу чеклов уйидан маиший масалалар бўйича кўчага чиқиши керак бўлган одамларга тааллуқли бўлади. Фавқулодда вазият вақтида ўз ишини давом эттираётган корхона ва муассасалар ходимларига бу чеклов қўлланмайди. 

Перуда айни вақтда фавқулодда вазият ва комендантлик соати амал қилмоқда. 

Охирги маълумотларга кўра, Панама ва Перуда коронавирусга чалинганлар сони мос равишда 1475 ва 1414 нафарни, вафот этганлар сони 37 нафар ва 55 нафарни ташкил қилмоқда.

Мавзуга оид