Иқтисодиёт | 12:16 / 06.11.2025
3312
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЖСТга қўшилиш бўйича Канада ва Панама билан музокараларни якунлади

Президентнинг ЖСТ бўйича вакили Азизбек Урунов маълум қилишича, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасида Канада ва Панама билан бозорга кириш масалалари бўйича икки томонлама музокараларни муваффақиятли якунлади.

Фото: LinkedIn / Azizbek Urunov

Уруновнинг LinkedIn’да ёзишича, бу келишувлар ЖСТга қўшилиш бўйича Ишчи гуруҳнинг 11-йиғилиши доирасида расмийлаштирилди. У изоҳларда таъкидлаганидек, Ўзбекистонга тўлиқ аъзолик учун яна уч давлат билан келишувларни тугатиш қолган, аммо уларнинг рўйхати ҳозирча очиқланмаган.

Октябр ойи охирида Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан музокараларни тўлиқ якунлаган эди. Шу пайтдаёқ Панама билан келишувга эришилгани ҳам хабар қилинган. 

Уруновга кўра, ЕИ ЖСТнинг Ўзбекистон билан икки томонлама музокараларни якунлаган 31-аъзосига айланди. “Эндиликда расмий: 31 мамлакат музокараларни якунлади, фақат учтаси қолди”, — дея қўшимча қилган у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид