Жамият | 21:27 / 06.04.2020
4753
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида хайрия тадбирлари ўтказилди ва эҳтиёжмандларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди

Ўзбекистонда коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин шароитида Тошкент вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳузуридаги ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази томонидан кам таъминланган, иқтисодий жиҳатдан ночор оилалар ҳамда вақтинчалик ишсиз бўлган фуқароларга хайрия сифатида озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатиш йўлга қўйилди.

Ҳозирги вақтда фермерлар ва тадбиркорлар томонидан хайрия сифатида марказ омборига картошка, пиёз, ёғ, помидор, бодринг, карам ва бошқа маҳсулотлар келтирилмоқда. Баъзи тадбиркорлар ўз мулкини беғараз ёрдам сифатида тақдим қилмоқда. Хусусан, Қибрай туманинг «Нурафшон» маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор Азиз Сатторов Бўстонлиқ туманидаги 120 ўринли барча қулайликларга эга, замонавий хусусий дам олиш масканини хориждан келаётган юртдошларимизнинг карантин даврини ўтказиши учун бепул тақдим этди. Шу билан бирга, у карантиндаги фуқароларни озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлашни ўз зиммасига олди.

«Grand Pharm Trade» дорихоналар тармоғи ҳам савобли ишдан четда қолмасдан, Тошкент вилоятининг барча шаҳар ва туманларидаги уй шароитида карантинда сақланаётган хонадонлар, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, Меҳрибонлик ҳамда Саховат уйлари ва болалар интернатларига хайрия сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни махсус хайрия қутиларида етказиб берди. Қайд қилиш жоизки, хайрия қутисида озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар (5 кг ун, 3 кг шакар, 10 кг гуруч, 2 дона товуқ, 5 литр ёғ, 1 кг чой, 60 дона тухум, 5 кг макарон, 10 кг картошка, 5 кг пиёз, 5 кг сабзи, 2 пачка туз ва дори-дармонлар) билан бирга, 250 минг сўм нақд пул ҳам бор.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳузуридаги ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази эҳтиёжманд инсонлардан қўнғироқларни, мурожаатларни қабул қилмоқда. Маҳалла фаоллари ҳам ҳар бир хонадоннинг аҳволини ўрганиб, ёрдамга муҳтож оилалар рўйхатини тақдим этишяпти.

Қайд қилиш жоизки, коронавирус пандемияси Тошкент вилояти аҳолисини ташвиш ва саросимага солгани йўқ. Оғир кунларда одамлар бирлашаяпти, жипслашаяпти. Юртимизга келган бу бало халқимизни синовдан ўтказмоқда. Яратганнинг бундай синовидан эсон-омон ўтиб олишимизга шубҳа йўқ, деб хабар беради Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид