7 апрель – Умумжаҳон соғлиқни сақлаш куни
1950 йил 7 апрелдан бери ҳар йили дунё ҳамжамияти ушбу санани Умумжаҳон соғлиқни сақлаш куни сифатида нишонлаб келмоқда.
1948 йилнинг 7 апрелида Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ассамблеянинг биринчи йиғилишида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига асос солинган.
ЖССТ – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг соғлиқни сақлаш соҳасига ихтисослашган нуфузли муассасаси бўлиб, унинг таркибига ҳозирда 194та аъзо давлат киради.
ЖССТ Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган бош идораси ҳамда 6та минтақавий ва 150та мамлакатдаги ваколатхоналарига эга. ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташкилотнинг Европа минтақасидаги ваколатхонасига қарашлидир.
Ўзбекистон ЖССТга 1992 йил 25 майда аъзо бўлган. ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1993 йилда Тошкентда ўз фаолиятини бошлаган.
Умумжаҳон соғлиқни сақлаш куни – бу сайёрамиз аҳолиси эътиборини саломатлик ва соғлиқни сақлаш муаммоларига жалб қилишга қаратилган глобал кампаниядир.
Умумжаҳон соғлиқни сақлаш кунини нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар ЖССТ бошчилигида ташкиллаштирилади. Бу кунни нишонлаш муносабати билан ҳар йили соғлиқни сақлаш соҳасида долзарб бўлган масалаларга халқаро жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш мақсадида муайян бир мавзу белгилаб олинади.
2020 йил «Халқаро ҳамширалик ва акушерлик хизмати ходимлари» йили деб эълон қилинган, шу сабабли ушбу кун тадбирлари ҳамширалар ва акушерлик хизмати ходимларининг бутун дунёда одамларнинг соғлиғини ҳимоя қилишдаги муҳим ўрни ва ҳамширалар ва акушерлик хизматларини кучайтириш зарурлигига бағишланди.
ЖССТ ҳисоботига кўра, дунёда 28 миллионга яқин ҳамшира бор ва давлатлар учун камида 5,9 млн ҳамшира етишмаяпти.
Ҳисоботда таъкидланишича, ҳамширалар соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик профессионал гуруҳ бўлиб, тиббиёт ходимлари умумий сонининг қарийб 59 фоизини ташкил қилади.
Афсуски, коронавирус пандемияси туфайли Умумжаҳон саломатлик куни ташвишли шароитда ўтмоқда.
Айни кунларда барча куч ва воситалар, маблағ ва ресурслар коронавируснинг кенг тарқалиши олдини олиш, вирус билан касалланганларни соғайтириш, бутун мамлакатнинг санитария-эпидемиология ҳолатини барқарорлаштиришга йўналтирилган.
Пандемия – тиббиёт ходимлари қанчалик муҳим касб эгалари экани ва уларнинг жамиятдаги роли муҳимлигини кўрсатиб берди.
Биз тиббиёт ходимлари тимсолида халқ саломатлиги йўлида ўз ҳаловатидан кечиб, кунни тунга улаб, фидокорона меҳнат қилаётган шарафли касб эгаларини кўрамиз. Ҳозирги кунда юзага келган вазият юртимизнинг ҳар бир фуқароси зиммасига катта масъулият юкламоқда. Айниқса, тиббиёт ходимларининг елкасидаги юкнинг залвори оғир.
Шуҳрат Раҳмонов,
юридик фанлар номзоди.
Мавзуга оид
15:41 / 02.04.2022
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Чироқчида сайёр қабул ўтказмоқда
07:27 / 02.04.2022
Чет эл фуқароларига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тасдиқланди
08:01 / 29.03.2022
Апрелда олис ҳудудларда махсус контейнерли 1 700 та тиббиёт пункти ташкил этилади
15:38 / 24.03.2022