Ўзбекистон | 19:00 / 08.04.2020
36359
6 дақиқада ўқилади

«Бундай даврда томорқани қаровсиз ташлаб қўйиш хиёнат деб баҳоланиши керак» - Президент

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев барча фермер, кластер, деҳқонлар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз даласида, аҳоли эса томорқасида баҳорги экиш ишларини давом эттириши кераклигини таъкидлади.

Коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбайи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида томорқасига экин экмаган фуқаролар ер солиғини оширилган ставкада тўлаши маълум қилинди.

Президент бугунги шароитда томорқани энг ишончли даромад манбайи сифатида баҳолади. Айниқса, коронавирус пандемияси жаҳоннинг энг етакчи мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи етарлича таъминланмаганини кўрсатгани қайд этилди. 

Давлат раҳбари бу масалада – Ўзбекистонда озиқ-овқатга бўлган ички талабни тўла қондириш, аҳоли фаровонлигини ошириш учун катта захира ва имкониятлар мавжуд эканлигини айтиб ўтди.

«Бунинг учун қишлоқ жойлардаги барча фермерлар, кластерлар ҳамда деҳқонлар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда дала ва томорқаларда баҳорги экин экиш ишларини давом эттиришлари шарт. Айтиш лозим, мутасадди раҳбарлар озиқ-овқат ва ишлаб чиқаришни кўпайтириш ишларини унутса, фермерларимиз даласини ўз ҳолига ташлаб қўйса, аҳоли томорқасидан фойдаланмаса эртага халқимизни боқиш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш жиддий муаммога айланади.

Шу мақсадда аҳоли томорқаларидан фойдаланиш борасида қатор қарорлар қабул қилдик, айрим қонунларга ўзгартиришлар киритдик. Хусусан, томорқада янги лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 350 миллиард сўм ажратилиб, фермерлар кенгаши ҳузурида жамғарма фаолияти йўлга қўйилди. Яъни, томорқа билан ишлайдиган, моддий ресурсларни етказиб берадиган, молиялаштиришдан тортиб, экин экишни назорат қиладиган янги тизим жорий этилди. Бугун бу тизим самарали ишлашини таъминлаш фурсати етди, деб ҳисоблайман.

Масалан, бугун томорқадан юқори ҳосил ва даромад олаётган миришкор деҳқонларимизнинг тажрибасини кенг жорий қилишимиз керак. Айтайлик, Асака, Олтинкўл, Наманган, Уйчи, Ангор, Жарқўрғон, Китоб, Тойлоқ, Самарқанд, Янгийўл, Зангиота, Олтиариқ, Қува каби туманларда аксарият оилалар бир йилда икки-уч марта ҳосил олади. Ушбу ҳудудларда 8-10 сотихлик томорқасидан йилига 50-100 миллион сўмгача даромад қилаётганлар бор.

Лекин Қўнғирот, Тахтакўпир, Зарбдор, Зафаробод, Муборак, Конемих, Бойсун, Паст Дарғом, Мирзообод, Бука, Гурлан каби туманларда эса 60-65 фоиз аҳоли томорқасидан самарасиз фойдаланяпти. Бу йилги мураккаб шароитни ҳисобга олиб, барча томорқаларда икки-уч марта экин экиш, қўшимча даромад қилиш биринчи даражали вазифа бўлиши лозим», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Видеоселекторда аҳолига кўмаклашадиган, моддий ресурсларни етказиб берадиган ва молиялаштирадиган тизимдан самарали фойдаланиб, томорқаларда маҳсулдорликни ошириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди.

Мутасаддиларга бундай хонадонлар билан бирма-бир ишлаб, томорқа майдонларига бозорбоп экинлар экилишини ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Президент бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини таъкидлади.

Хонадонларда ихчам иссиқхоналар қуриш ҳам муҳим. Бугунги кунда томорқаларда жами 4 минг гектар енгил конструкцияли иссиқхоналар мавжуд бўлиб, уларда йилига уч марта ҳосил олишни йўлга қўйиш мумкин.

Лекин кўплаб туманларда бу масалага етарлича эътибор берилмаётгани кўрсатиб ўтилди. «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида ҳар бир сектор ҳудудида камида 100тадан хонадонда 1-1,5 сотихли иссиқхоналар ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.

«Томорқа ободлиги, албатта, сувга боғлиқ. Ўтган йили жойларда 233та қудуқ қазилиб, 4,5 мингдан ортиқ хонадоннинг сув таъминоти яхшиланган эди.

Ҳозирда эса Жондор, Шофиркон, Бахмал, Фориш, Ғузор, Чироқчи, Нурота, Қўшработ, Ургут, Ховос, Бекобод, Ёзёвон, Қўшкўпир каби туманларнинг аксарият қишлоқларида сув таъминоти оғир бўлиб қолмоқда.

Шу боис Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ҳокимлар билан биргаликда сув таъминоти яхши бўлмаган маҳаллаларда артезиан қудуқлар қазиб, ҳосилдорликни ошириш вазифаси қўйилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қишлоқ хўжалигида вақтинча фойдаланилмаётган ерларни ўзлаштириб, кам таъминланган оилаларни банд қилиш бўйича тизим яхши самара бермоқда. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида бу борада 31та кооператив ташкил этилиб, 1 минг 600 нафар ишсиз фуқаро бандлиги таъминланди. Бундай кооперативлар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғармасидан 50 миллиард сўм ажратилган.

Йиғилишда бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиб, камбағалликни ва ишсизликни камайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Кооперативга аъзо бўлган ишсиз фуқароларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги жамғармасидан маҳсулот етиштириш харажатлари учун 24 миллиард сўм субсидия ажратилади. Кам таъминланган, қаровчиси бўлмаган оилаларга мевали кўчатлар, сабзавот уруғлари ва бошқа моддий ресурслар етказиб берилади.

Томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга етказиб бериш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

«Ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоланиши керак», деган президент.

Шунинг учун томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилиши маълум қилинди.

Бу борада мутасадди раҳбарларга тегишли ҳужжатни қабул қилиш топширилди. Томорқалар ҳолатини дронлар орқали мониторинг қилиш ҳамда улардан унумли фойдаланиш учун ҳар бир сектор кесимида зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди раҳбарлар ва ҳокимлар ахборот берди.

Мавзуга оид