Ўзбекистон | 20:28 / 08.04.2020
21560
4 дақиқада ўқилади

Депутат: «ЕОИИга аъзолик бизга кўп йўналишларда муаммо келтириб чиқариши мумкин»

Парламент депутатлари томонидан ЕОИИга аъзолик масаласида кетма-кет танқидий фикрлар янграмоқда.

Фото: АСДП

«Адолат» СДП фракцияси йиғилишларида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги юзасидан муҳокамалар давом этмоқда.

Партия сайтида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфират Хушвақтованинг шу мавзудаги мулоҳазалари жойлаштирилган.

Депутатнинг фикрича, ЕОИИга аъзо бўлиш кўплаб йўналишларда Ўзбекистонга муаммо келтириб чиқариши мумкин.

«Айрим экспертлар томонидан таъкидланганидек, ЕОИИга аъзо бўлишнинг ижобий жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Булар, ташқи савдо айланмасини ошиши, маҳсулотлар, тармоқлар, умуман, иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ошиши, ташқи миграция каби йўналишларда намоён бўлиши қайд этилмоқда. Иккинчи томондан, мазкур ташкилотга аъзолик кўпгина йўналишларда салбий ва муаммоли жиҳатларни ҳам келтириб чиқириши мумкин», – дейди у.

Хушвақтова бу борада қуйидаги хавфларни санаб ўтган:

  • ЕОИИ аъзолари ўртасида ягона божхона тарифи қўлланиши сабабли республика ва аъзо мамлакатларда ишлаб чиқарилмайдиган технологик ускуналар ва хомашё импорти талаб этадиган йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш қийинлашади, айрим ҳолларда бутунлай тўхтайди.

«Вазирлар Маҳкамаси таҳлилларига кўра, бу ерда гап турли соҳалардаги қиймати 63 млрд АҚШ долларига тенг 361та лойиҳа ҳақида кетмоқда», – дейди депутат.

  • Ўзбекистонга ЕОИИга аъзо мамлакатлар билан чегаралар орқали учинчи мамлакатлардан контрабанда товарларнинг оқими кучаяди.
  • Ҳозирда ЕОИИ бозорига киришда маҳсулотлар ва хизматлар учун 48та техник регламент мавжуд. Ўзбекистонда ушбу регламентнинг атиги 5тасигина амалиётда қўлланилади. 29та регламент умуман мавжуд эмас, 14та миллий регламент билан Иттифоқнинг техник регламентлари ўртасида эса жиддий тафовутлар мавжуд.

«Бу рақамлар эса ЕОИИ мамлакатлари биз учун эмас, улар учун Ўзбекистон салоҳиятли бозор кўрилаётганини англатади», – дейди у.

  • Агар Ўзбекистон ЕОИИга юмшатувчи ва ўз шартлари билан кирмас экан, инвестиция фаоллигига сусайиб, ЯИМ ўсиш суратлари, ишлаб чиқариш ҳажмлари пасаяди.

Депутат мавзу юзасидан фикрларини хулосалар экан, ЕОИИ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда иқтисодий ва бошқа йўналишлардаги манфаатдорлик бўйича тарози палласи тенг кўринишга ёки Ўзбекистон томонига оғмагунча ҳамкорлик масаласида қатъий қарор қабул қилиш керак эмаслиги билдирган.

Қайд этиш жоиз, декабрдаги сайловлар арафасида 5та сиёсий партиядан 4таси ЕОИИга аъзоликни ёқлашини эълон қилган, «Миллий тикланиш» ҳам бунга қаршилик билдирмаган эди.

Сўнгги вақтларда эса Қонунчилик палатасининг қатор депутатлари номидан ЕОИИга аъзолик масаласида кетма-кет танқидий фикрлар янграмоқда. Аммо ҳозирча икки қутбли позицияга эга томонларнинг жонли дебати кузатилганича йўқ.

Ўтган ҳафта «Адолат» социал-демократик партиясининг парламентдаги фракцияси ЕОИИга «ҳозирча фақат кузатувчи давлат сифатида» киришини маъқуллаган эди.

Мавзуга оид