Ўзбекистон | 23:30 / 09.04.2020
25840
2 дақиқада ўқилади

«Улар халқимиз учун астойдил меҳнат қилишмоқда» — Алишер Шодмонов шифокорларга эҳтиром кўрсатди

Бугун Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна 8 нафари бутунлай соғайиб, ушбу дарддан фориғ бўлганлар 38 нафарга етди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундай натижа замирида бор маҳоратини ишга солиб, фидойилик кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг заҳматли меҳнатини эътироф этди.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси жамоасига Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов шифокорларга алоҳида эҳтиром кўрсатиб, гулдасталар билан бирга, чуқур миннатдорлик изҳор этди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги 
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги 

«Сабаби улар бугунги кун қаҳрамонлари. Бу эътироф дунёнинг барча минтақаларида, давлатларида  янграётгани ҳам бежиз эмас. Чунки жаҳон бўйлаб инсонлар ҳаётига таҳдид солаётган коронавирус инфекциясига қарши, биринчи навбатда, шифокорлар жасорат ва матонат кўрсатишмоқда. Юз минглаб беморларнинг ҳаёти учун кеча-ю кундуз жон куйдираётган тиббиёт ходимларига миллиардлаб инсонларнинг умид кўзлари қадалган. Дарддан фориғ бўлаётган инсонлар қувончи эса қаҳрамон тиббиёт ходимларига куч-ғайрат, иштиёқ бағишламоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги 
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги 

Бундай ватанпарварлик намунасини мамлакатимизда фаолият юритаётган минглаб шифокорларимиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Улар оиласи, яқинлари, халқимиз учун махсус тиббиёт ва карантин муассасаларида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга астойдил ҳаракат қилишмоқда. Шундай экан, уларнинг меҳнати ҳар қанча эҳтиромга муносибдир»,дея Алишер Шодмоновнинг сўзларини келтирмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Мавзуга оид