Трамп, Путин ва Саудия подшоҳи ўртасида нефть масаласида телефон суҳбати бўлиб ўтди
АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтондаги матбуот анжуманида 9 апрель кечки пайт Россия президенти Владимир Путин ва Саудия Арабистони подшоҳи Салмон Ол Сауд билан телефон орқали суҳбатлашиб, нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартиришни муҳокама қилганини маълум қилди.
Трампнинг айтишича, Россия ва Саудия Арабистони охирги вақтда “бир-бири билан курашиб”, нефть олиш ҳажмини қисқартиришни исташмаган. Бу эса бозорда нефтнинг кўпайиб кетишига ва омборларнинг тўлиб-тошишига олиб келган. “Нефть бунча кўп керак эмас. Кўриб турибсиз-ку, пандемия шароитида машиналарда юрмай қўйишди”, деб айтган Трамп журналистларга.
“Энди улар келишувга эришишга яқинлар”, деб жавоб қилган АҚШ президенти Россия ва Саудия Арабистони ўзаро баҳсни давом эттириши-йўқлиги ҳақида берилган саволга. “Кўрамиз, буёғига нима бўлади. Балки ҳаммаси яхши бўлади, балки унча яхши бўлмас, бироқ суҳбат яхши тарзда ўтди ва умид қиламанки, битим тузилади”, деб қўшимча қилган Трамп.
Ўз навбатида, Кремлда суҳбат бўлиб ўтгани тасдиқланган. Суҳбат давомида уч етакчи “Катта йигирматалик” энергетика вазирларининг бўлиб ўтажак видеоанжуманини муҳокама қилишган. Бундан ташқари, томонлар нефть бозоридаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиришга ҳамда нефть нархи ўзгаришининг жаҳон иқтисодиётига салбий таъсирини камайтириш бўйича келишиб олишган.
ОПЕК+ музокаралари иштирокчилари 9 апрелда нефть олиш ҳажмини қисқартириш бўйича 9 соатлик анжумандан кейин муҳокамаларни 10 апрелга кўчиришга қарор қилишганди. Мексиканинг позицияси сабабли якуний келишувга эришилмаган. Битим шартлари Мексикани қаноатлантирмагач, унинг вакили видеоанжуманда иштирок этишдан бош тортган.