Ўзбекистон | 00:04 / 11.04.2020
10267
2 дақиқада ўқилади

Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 9 апрель кунги «Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 210-сонли қарори қабул қилинди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Ҳукумат қарори билан божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланган.

Тасдиқланган маъмурий регламентларга мувофиқ, юридик шахслар кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали мурожаат қилади.

Давлат хизматларини кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги раҳбарлари қарорда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан масъул ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

Тасдиқланган регламентларда умумий қоидалар, лицензия талаблари ва шартлари, лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар, давлат хизматлари кўрсатиш тартиби, лицензияни қайта расмийлаштириш, лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва лицензияни бекор қилиш, лицензиялар реестрини юритиш, давлат божини ва давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғимни тўлаш тартиби, лицензиатнинг жавобгарлиги кабилар кўрсатиб ўтилган. 

Мавзуга оид