Ўзбекистон | 18:41
1039
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 464 та ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилди

Ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида 46,7 мингта қоидабузарлик ва камчиликлар аниқланди. Шундан тенг ярми саноат ва техника хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ.

Фото: iStock

Ўтказилган текширувлар натижасида Ўзбекистонда 464 та ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 22 июндан кучга кирган қарорида келтириб ўтилган.

Қайд этилишича, республика бўйлаб жами 6 196 та суюлтирилган ва сиқилган газ қуйиш шохобчалари, нефтьмаҳсулотлари қуйиш станциялари ҳамда аҳоли газ баллонларини тўлдириш объектлари хатловдан ўтказилган. Хатлов якунларига кўра, жами 46 737 та қоидабузарлик ва камчиликлар аниқланган.

Хусусан, қуриш соҳасига оид 2218 та, ёнғин хавфсизлиги соҳасига оид 7949 та, саноат ва техника хавфсизлигига оид 25 341 та, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасига оид 3354 та, белгиланган технилогик жараёнларни таъминлашга оид 7875 та қоидабузарликлар рўйхатга олинган.  Шундан келиб чиқиб, 464 та ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилган.

1 сентябрдан бошлаб барча турдаги ёнилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш объектларида, жумладан, ўз эҳтиёжлари учун ёнилғидан фойдаланадиган объектларда, агар белгиланган хизмат муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган санаси аниқланмаган бўлса, ортиқча босим остида ишлайдиган ускуналардан фойдаланиш чекланади. Чеклов 2030 йил 1 январгача амалда бўлади.

Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрга қадар Ички ишлар вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг техник кўрикдан ўтганига оид «Eco Himoya» платформаси маълумотларини U-Gas тизими билан интеграция қилиши керак. Бу газ қуйиш вақтида газ баллон ускунасининг техник ҳолати тўғрисидаги маълумотларни текшириш имконини беради.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид