6 апрель куни Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) ва Марказий банки бошқарувининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақларига оид ахборотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон узатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қўшма қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Бу лойиҳа порталда ва ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага ва кескин танқидларга сабаб бўлди.

Лойиҳанинг мазмуни ва моҳияти нимада?

Ушбу қонун ҳужжатларини қабул қилиниши орқали Давлат солиқ қўмитаси ва унинг қуйи органлари:

1. корхона ва ташкилотлар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича ўтказилган пул маблағлари айланмалари тўғрисидаги ахборотларни сўровга кўра банклардан электрон тарзда олмоқчи;

2. бир ой давомида жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушган пул маблағлари айланмаси 30 млн сўмдан, шунингдек трансакциялар сони 10тадан ошган P2P (картадан картага пул ўтказиш) операциялари тўғрисидаги ахборотларни банклардан электрон тарзда олмоқчи.

ДСҚ бу маълумотлардан қандай мақсадда фойдаланмоқчи?

Қарорда «ДСҚ ушбу ахборотлар орқали солиқ тўламаслик хавфи даражасига кўра солиқ тўловчиларни сегментлайди ҳамда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан ДСҚнинг тегишли тузилмаларига солиқ назоратини амалга ошириш учун маълумотлар берилади», - дейилган.

«Сегментлайди» сўзи катта эҳтимол билан «яширин тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлар аниқланади ва уларни солиққа тортиш чоралари кўрилади» деган маънони англатади.

Нега бу қарор портал ва ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди?

Қарор лойиҳаси порталда қизғин муҳокама қилиниб, турли эътирозларга сабаб бўлди. Қайд қилиш жоизки, мақола ёзилаётган пайтда уларнинг сони 200дан ошиб кетган.

Умумлаштирадиган бўлсак, фуқаролар бу қарорнинг «Банк сири тўғрисида”ги ва «Тижорат сири тўғрисида»ги қонунга зид экани, унинг қабул қилиниши банк тизимига бўлган ишончнинг йўқолишига ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг камайишига, натижада, яширин иқтисодиётнинг «гуллаб яшнаши»га олиб келиши, шахсий мулкнинг дахлсиз экани, шахсий маълумотлар сир тутилиши лозимлиги ҳақида изоҳ қолдиришган.