Ўзбекистон “Тинчлик кенгаши”га қўшилди: шимолдаги ҳуружларга қарамай, кўп векторли ташқи сиёсат давом этмоқда. Иқтисодий ўсиш тезлашди, лекин...: аксар аҳоли учун самолётда учиш орзулигича қоляпти. Банк карталари бўйича янгиликлар: оддий қилиб айтганда, нима ўзгаради? Эски машиналарга тақиқ, сунъий интеллектга оид жавобгарлик ва пасайиши кутилаётган дори нархлари...

Ортда қолган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид асосий хабарлари – Kun.uz дайжестида.

2025 йилги ЯИМ ўсиши – 7,7 фоиз

Ўзбекистонда 2025 йилги иқтисодий ўсиш барча прогнозларда айтилганидан ҳам каттароқ бўлиб чиқди. Статистика қўмитаси тақдим этган дастлабки маълумотларга кўра, ўтган йили мамлакат ялпи ички маҳсулот 7,7 фоизга ошган. Маълумот учун, ҳукумат ноябр ойининг охирги ҳафтасида ҳам йиллик ўсиш роппа-роса 7 фоиз бўлишини кутаётган эди.

Расмий статистикага кўра, Ўзбекистон иқтисодиётининг 2025 йилги ҳажми 1 квадриллион 850 триллион сўмга етган. Бу – ўртача курс бўйича 147 млрд доллар демакдир. Жон бошига ЯИМ – 48,4 млн сўм ёки 3845 доллар. Иқтисодчилар бундай юқори ўсишни олтин нархи, инвестициялар оқими ва давлат харажатларининг ортиб бораётгани каби омиллар билан боғлаяпти.

Инфляция эса 7,3 фоизга тушгани қайд этилди. Ўтган йили озиқ-овқатлар 5,5 фоизга, ноозиқ-овқат товарлар 5,1 фоизга қимматлаган бўлса, хизматлар инфляцияси 13,9 фоиз бўлган. Муҳим озиқ-овқатлардан суяксиз мол гўшти 25 фоизга қимматлагани эътиборга молик. Расмий статистикадан фарқли ўлароқ, Марказий банк сўровида қатнашган ўзбекистонликлар ўтган йили 12 фоизлик инфляцияни ҳис қилганини билдирган