Ўзбекистон | 17:33 / 12.04.2020
49473
3 дақиқада ўқилади

Жарима майдончасидаги ҳар бир кун учун тўлов ундирилади – ИИВ

Шу кунгача карантин қоидаларини бузиб ҳаракатланган 3930та автомобиль вақтинча жарима майдонига қўйилган. Махсус комиссия қарорларида автотураргоҳ учун кунлик тўловни бекор қилиш белгиланмаган. Яъни автотураргоҳда автомобиль сақлангани учун тўловлар тўланиши лозим.

Фото: KUN.UZ

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқарма бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров АОКАда ўтказилган брифингда махсус комиссиянинг қарорларида автотураргоҳ учун кунлик тўловни бекор қилиш белгиланмагани ҳақида маълум қилди.

«Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 23 мартдаги йиғилиш баёни асосида 24 мартдан бошлаб транспорт воситаларининг ҳаракатланиши чекланган бўлиб, карантин талабларни бузиб ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг ҳуқуқбузарликни давом эттиришининг олдини олиш мақсадида ушбу автотранспорт воситаларини жарима майдонига жойлаштириш белгиланган.

Бугунги кунга қадар карантин қоидаларини бузиб ҳаракатланган 5884та автотранспорт воситаси аниқланиб, шундан 3930таси вақтинча жарима майдонига қўйилган. Уларнинг ҳайдовчиларига нисбатан маъмурий баённомалар Санитария-эпидемиология назорати ходимлари томонидан тузилади. Махсус комиссиянинг 16-сонли баёни талабларига кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор белгиланган тартибда ижро этилганидан ёхуд ижроси тугатилгандан сўнг автотранспорт воситаси жарима майдончасидан чиқарилади. Яъни белгиланган жарима ҳайдовчи томонидан тўланганидан сўнг СЭС ходимлари жарима тўлангани тўғрисида маълумотнома беради. Ушбу маълумотнома асосида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими автомобилни жарима майдончасидан чиқариш учун рухсат беради ва автомобиль жарима майдончасидан чиқарилади», дея Эрали Бозоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг таъкидлашича, махсус комиссиянинг қарорларида автотураргоҳ учун кунлик тўловни бекор қилиш белгиланмаган. Шу сабабли автомобиль автотураргоҳда сақлангани учун тўловлар ундирилади.

ИИВ расмийси, шунингдек, жарима майдонида автомобилга бирор кор-ҳол бўлса зарарни ким қоплашига ҳам ойдинлик киритди.

«Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги «Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби тўғрисида»ги 149-сон қарори талабларига асосан республикамизда жарима майдонларининг фаолияти йўлга қўйилган.

Ушбу қарор талабларига кўра бугунги кунда республикамиз бўйича 233та жарима майдони фаолият олиб бормоқда. Ушбу жарима майдончаларининг барчаси юридик шахсларга тегишли бўлиб, транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатиш ушбу юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Жарима майдончасига транспорт воситаси қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида жойлаштирилади. Транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилгандан кейин унинг сақланиши учун хизмат кўрсатувчи юридик шахс, яъни жарима майдончанинг эгаси жавоб беради. Яъни жарима майдончасидаги автомобилга бирор кор-ҳол бўлса зарар хизмат кўрсатувчи юридик шахс (жарима майдони эгаси) томонидан қопланади», дейди Эрали Бозоров.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид