Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Йўлбўйи пулли автотураргоҳлар учун ҳақ тўламаганларга жарима қўлланиши мумкин
Ўзбекистонда пулли парковка учун тўлов қилмаганларни 800 минг сўмдан зиёд миқдорда жаримага тортиш таклиф қилинмоқда.
Ўзбекистонда йўлбўйи тўхташ жойларидан фойдаланганлик учун ҳақ тўламаганлик ёки тўловдан бўйин товлаш учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши мумкин. Тошкент шаҳри ҳокимлиги «Тўхтаб туриш жойларига доир талабларга риоя этмаганлик учун таъсир чораларини белгилаш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» ташаббус билан чиқди.
Лойиҳада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни «пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун тўлов қилишдан бўйин товлаш» деб номланган янги 128−11-модда билан тўлдириш кўзда тутилган.
Лойиҳага кўра, йўлбўйи пулли тўхташ жойларидан фойдаланганлик учун белгиланган муддатда ҳақ тўламаслик ёки тўловдан бўйин товлаш БҲМнинг 2 баравари (1 сентябргача – 824 минг сўм, 1 сентябрдан бошлаб – 880 минг сўм) миқдорида жаримага сабаб бўлади. Бу норма қонунчиликка мувофиқ тўхташ жойларидан бепул ёки имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Тўлов амалга оширилмаганини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқлаш таклиф этилмоқда. Бундай ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо тайинлаш йўл-патрул хизмати ходимларига топширилиши мумкин.
Лойиҳага илова қилинган тушунтириш хатида келтирилишича, Тошкентда пулли автотураргоҳлардан кунига тахминан 15 минг ҳайдовчи фойдаланмоқда, шундан фақат 2–3 фоизи, яъни 300−450 нафар атрофидаги ҳайдовчи хизмат ҳақини тўламоқда.
Шунингдек, бир ой давомида бу хизматдан тахминан 465 минг нафар ҳайдовчи фойдаланади. Улардан фақат 9300–12 950 нафари тўловни амалга оширади.
Жавобгарлик жорий этилиши ҳайдовчиларнинг тўлов интизомини ошириш, пулли автотураргоҳлар тизими ишлашини таъминлаш ва улардан фойдаланиш қоидабузарликларини камайтиришга хизмат қилиши кераклиги қайд этилган.
28 июлга қадар regulation.gov.uz порталида эълон қилинган ушбу лойиҳа юзасидан таклиф ва мулоҳазаларни билдириш мумкин.
Мавзуга оид
21:36 / 12.07.2026
Буғдойдан бўшаган ерларни ёқиб юборган 172 кишига 212,5 млн сўм жарима солинди
10:45 / 17.06.2026
Муддати ўтган маҳсулотларни сотганлик учун жарималар оширилиши мумкин
11:49 / 20.05.2026
5 минг сўмлик колбасалар: огоҳлантириш ва жарима етарли чорами?
18:55 / 15.05.2026