Айтиш жоизки, ушбу ҳудудда жойлашган мамлакатларда пандемия улкан таҳликага сабаб бўлмоқда. Ғоят гавжумлиги, айни пайтда соғлиқни сақлаш инфратузилмасининг ортда қолгани билан тавсифланувчи ушбу минтақа вирус манбайи – Хитой билан қўшни бўлгани сабабли ҳам асосий хавф-хатар ўчоқларидан бири сифатида кўрилмоқда.

Ҳиндистон ва Покистон оловли ҳалқа ичида

Жанубий Осиё мамлакатлари – Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Непал ва Бутан Covid-19’нинг бошланғич нуқтаси ҳисобланмиш Хитой билан чегарадош. Ҳиндистон ва Покистон Хитой билан жуда узун умумий сарҳадларга эга бўлиб, аҳоли зичлиги ва камбағаллик даражаси юқорилиги ҳар икки мамлакатда ҳам вазият янада қўрқинчли тус олишига сабаб бўлмоқда. Устига устак, Покистон вирус энг кўп тарқалган давлатлардан яна бири – Эрон билан ҳам қўшни ҳисобланади. Қолаверса, мамлакатда Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги (CPEC) лойиҳаси туфайли кўплаб хитойликлар яшаётгани таҳдид кўламини янада орттирмоқда.

Бангладеш ҳукумати нега нолимоқда?

Минтақанинг аҳоли кўп бўлган учинчи мамлакати – Бангладешда эса комендантлик соати жорий этилган. Аммо ҳукумат «#StayAtHome» чақириғига жамоатчиликнинг риоя қилмаётганидан нолимоқда. Чунки қашшоқлик халқнинг уйда қолиши учун тўсиқ бўлмоқда. Мамлакат Хитойдан олинган 10 мингта синов тўплами ва ҳимоя кийимлари билан эпидемияга қарши курашишга ҳаракат қилмоқда.

Непал, Шри-Ланка ва Афғонистондаги ҳолат қандай?

Непалда заруратсиз кўчага чиқиш тақиқланган. Шри-Ланкада комендантлик соати жорий этилган. Бундан ташқари, вирусга қарши кураш доирасида Хитойдан 500 миллион доллар қарз олинди.

Ҳукумат ва «Толибон» ўртасида музокаралар давом этаётган Афғонистонда эса ҳукумат ҳам, «Толибон» ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) билан ҳамкорлик ва мувофиқликда Covid-19’га қарши кураш олиб бориш ҳақида хабар берди.

Рақамлар ортиб бораётганининг сабаби нима?

Дунёнинг энг зич иккинчи мамлакати Ҳиндистонда эса вазият жиддий. Комендантлик соатлари жорий этилган бўлса-да, айни пайтда вирусга чалинганлар сони 7 мингга яқинлашиб қолди, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар ҳам тобора ортиб бормоқда. Рақамлар кескин кўтарилиб бораётганининг асосий сабаби эса синов ўтказилган одамлар сонининг мамлакат умумий аҳолисига нисбатан жуда паст эканидир.