Uzcard Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳасига эътироз билдирди
“Uzcard” ягона умумреспублика процессинг маркази Давлат солиқ қўмитаси ва МБ томонидан қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан Давлат солиқ қўмитасига банк ҳисоблари тўғрисидаги ахборотни электрон тарзда узатиш тартибини тасдиқлаш ҳақида"ги қарор лойиҳасига қарши эканлигини билдирди.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда интернет-маркетинг тобора ривожланиб бормоқда. Барча керакли нарсаларни уйдан чиқмасдан туриб онлайн сотиб олиш имконини берувчи фойдали каналлар жуда кўп ва исталган инсон ушбу каналларга обуна бўлиши мумкин. Тажрибали ва эндигина ўз ишини бошлаган тадбиркорлар ўз биснесларини ривожлантириш, савдо кўрсаткичларини кўтариш ва фойда олиш учун бу каналлардан кенг фойдаланадилар
Бироқ шу кунларда, Давлат солиқ қўмитаси ушбу тижоратнинг бошқа томони хам мавжуд эканлигини кўрсатиб берди.
Уларнинг фикрига кўра, ушбу онлайн-дўконларнинг ассортименти одатда тадбиркорлик субъектлари сифатида рўйхатга олинган кичик савдо нуқталаридан фарқ қилмайди, ягона фарқ шундаки, маҳсулот ёки хизматни ҳисоблашда бундай "сотувчилар" аксарият ҳолларда пулни шахснинг картасига ўтказишни сўрашади (P2P).Ушбу "тадбиркорларнинг" аксарияти давлат рўйхатидан ўтмаган. Ушбу даромад декларация қилинмайди ва шунинг учун солиққа тортилмайди, бу "Яширин иқтисодиёт" нинг гуллаб-яшнашига замин яратади.
Шундай қилиб, Давлат солиқ қўмитаси ЎзР МБ билан биргаликда Давлат солиқ қўмитаси, МБ ва республиканинг тижорат банклари ўртасида электрон маълумотлар алмашиш механизмини йўлга қўювчи, "Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақалари тўғрисидаги маълумотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон тарзда топшириш тартибини тасдиқлаш ҳақида"ги қарор лойиҳасини тайёрлади ва жойлаштирди.
Аммо ҳозирданоқ ушбу лойиҳа кўплаб органлар томонидан резонансли деб эътироф этилди.
“Uzcard” ўз навбатида лойиҳанинг Ўзбекистон Республикасининг амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларига зид эканлигини таъкидлайди. Хусусан, Низом лойиҳасининг 3-бандида Давлат солиқ қўмитаси томонидан қуйидаги маълумотларни сўраш кўзда тутилган:
1. Юридик шахслар ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳисобварақаларига ўтказилган пул маблағлари оқими тўғрисида;
2. Юридик шахслар ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобварақаларидаги пул қолдиқлари тўғрисида;
3. Жисмоний шахсларнинг барча банк карталари бўйича олинган пул маблағлари айланмаси бўйича, агар бир ой ичида 30 млн. сўмдан ошса (чет эл валютасидаги эквивалентида ҳам), шунингдек P2P транзакциялари сони ( жисмоний шахсларнинг картадан картага амалга оширган пул ўтказмалар ) ўндан ортса. Ушбу маълумотлар махсус ҳимояланган алоқа каналлари орқали узатилади;
4. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ҳисобварақаларни очган юридик шахс-резидентларнинг ҳисобварақалари ва маълумотлари, уларнинг қолдиқлари ва пул ўтказмалари тўғрисида.
Бундай ҳолда, бу ҳаракатлар қонунийми деган савол ўринли бўлади, чунки тижорат банклардан талаб қилиниши керак бўлган ушбу маълумот ЎзР Солиқ кодексининг 134-моддасига зид келади, унга кўра солиқ органининг талабига биноан банк солиқ органларига ёзма сўров олинган кундан бошлаб уч кун ичида мижоз тўғрисида маълумот тақдим этиш керак:
1) мижознинг банкдаги ҳисобварақалари ва омонатлари (депозитлари) мавжудлиги тўғрисидаги маълумотнома;
2) мижознинг ҳисобварақалари ва омонатлари (депозитлари) бўйича пул маблағлари қолдиғи тўғрисида маълумотнома;
3) мижознинг ҳисобварақалари ва омонатлари (депозитлари) бўйича операциялар тўғрисидаги ҳисоботлар;
4) солиқ тўловчининг солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бошқа маълумотлар.
Бундан ташқари, ушбу Низом лойиҳасининг 3-бандидаги талаб қилинган маълумотлар қуйидаги қонун ҳужжатлари нормаларига зид келади:
- “Банк сири тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасига биноан, юқорида кўрсатилган маълумотлар банк сиридир ва Давлат солиқ қўмитаси ҳисобланган учинчи шахсларга ошкор этилиши тақиқланади;
- жисмоний шахсларнинг пластик карталаридаги нақд пуллар тўғрисида сўралган маълумотлар тижорат банклари мижозларининг маълумотларини идентификациялашни ҳам кўзда тутиши ҳисобга олинса, у ҳолда "Шахсий маълумотлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14, 18, 19 ва 21-моддаларига мувофиқ Давлат солиқ қўмитаси органларига тижорат банклари томонидан маълумот тақдим этиш ва уларни кейинчалик қайта ишлаш фақат банк мижозининг розилиги билан амалга оширилиши керак.
Шу билан бирга, "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига мувофиқ идоравий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси қонунлари асосида қабул қилиниши ва уларга зид бўлмаслиги керак. Қабул қилиниши режалаштирилган маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг "Банк сири тўғрисида"ги қонуни билан ҳимояланиши ва тартибга солинишини ҳисобга олсак, идоравий ҳужжатни қабул қилиш орқали бундай маълумот олиш Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид келади.
Мамлакат миллий пул тизимини ташкил этиш, нақд пулсиз пул муомаласини ривожлантириш, кучли тартибга солувчи базани шакллантиришнинг жуда узоқ ва қийин йўлини босиб ўтди ва “Uzcard“нинг фикрига кўра, тартибга солиш органлари учун маълумот манбаи сифатида норматив ҳужжатда банк хизматларини, хусусан P2P хизматини ишлатиш нотўғри ва ақлга тўғри келмайди. Бундай ҳаракатлар аҳолига нисбатан ишончсизликни кучайтиради ва ўнлаб йиллар давомидаги машаққатли ишларни йўққа чиқаради. Бундан ташқари, бу ҳаракатлар молиявий-кредит ва уларга алоқадор ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг назарида обрўсига путур етказади.
Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ривожлантириш ва нақд пул айланишини қисқартириш ўрнига, бу нормалар тескари жараёнга олиб келади, бу пулни нақдлаштиришнинг янги схемалари пайдо бўлишига, пул айланмасининг кўпайишига ва бизнеснинг яширин секторга ўтишига ёрдам беради.
Ҳа, шубҳасиз, қарздорлар ҳисоб-китоб бўйича тўлашлари керак, шунинг учун сўралган маълумотларнинг шакли ва моҳияти амалдаги қонунчиликка зид эканлигини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳани юқорида кўрсатилган қонунчиликка ва Ўзбекистон Республикасининг солиқ қонунчилигига мувофиқлаштириш тавсия этилади.
Умуман олганда, ушбу меъёрий ҳужжат, хусусан, P2P банк хизмати воситасидан солиқ тўловчиларни жавобгарликка тортиш учун маълумот манбаи сифатида фойдаланиш "яширин бозор" ҳажмини камайтириш муаммосини ҳал этмайди, аксинча, коррупция механизмларини ривожлантириш учун қўшимча замин яратади” дейилади "Uzcard"нинг баёнотида.