Иқтисодиёт | 09:10 / 13.04.2020
5368
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Савдо вакили офиси Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнига ёрдам беради

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида АҚШ савдо вакилининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси К. Уилсон билан видеоконференция ўтказилди.

Вазирлик хабарида айтилишича, унда Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши доирасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Видеоконференцияда Ўзбекистон томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарлари ҳамда ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия таркибига кирувчи республиканинг қатор вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида Америка томонига республиканинг ЖСТга аъзо бўлиши ва зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлаш жараёни тўғрисида маълумотлар берилди.

К. Уилсон Ўзбекистон ҳукумати томонидан ЖСТга аъзо бўлиш доирасида амалга оширилган чора-тадбирларни ижобий баҳолаб, Америка томонининг бу жараёнда Ўзбекистонга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади. Ҳозирги эпидемиологик вазиятга қарамасдан, кўриб чиқилаётган ташаббусларни тезлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Америка томони коронавирус пандемияси даври ва жорий йилнинг апрель ойи охиригача Женевадаги ЖСТ штаб-квартирасида тадбирларнинг бекор қилиниши Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича Ишчи гуруҳининг 4-йиғилишига ва унга аъзо мамлакатлар билан бўладиган музокараларга янада пухта ва сифатли тайёргарлик кўриш имкониятидан Ўзбекистон томони фойдаланиши мумкинлиги тўғрисида фикр билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид