Спорт | 20:04 / 13.04.2020
104724
6 дақиқада ўқилади

«Ҳаёт изига қайтяпти» — Одил Аҳмедов Хитойдаги ҳаёти, коронавирус ва кўршапалак ҳақида

Ўзбекистон миллий жамоаси ва «Шанхай СИПГ» клуби яримҳимоячиси Одил Аҳмедов Хитойдаги ҳаёти, футболчилик фаолияти ва коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳозирги вазият ҳақида гапириб берди.

Россиянинг Sport24 нашри ватандошимиздан шулар ва бошқа кўплаб нарсалар ҳақида интервью олишга муваффақ бўлди.

— Одил, яқинда Наманганга инсонпарварлик ёрдамини юборибсиз. Бу хайрли иш ҳақида гапириб берсангиз.

— Ҳозир ҳамма учун оғир давр. Шу сабабли Хитойга келиб, шифокорлар ва шифохоналар учун зарур бўлган қўлқоплар, ниқоблар, кўзойнаклар ва бошқа кўплаб нарсаларни Ўзбекистонга юбордим.

— Коронавирус нафақат Хитойни, балки бутун дунёни эгаллашини кутганмидингиз?

— Йўқ албатта. Биз бутун дунёнинг азият чекишини кутмагандик. Уҳанда қандайдир вирус тарқалгани ҳақида хабар чиққан дастлабки кунларда ҳеч ким бундай бўлиб кетишини ўйламаган эди. Мен коронавируснинг Уҳандан чиқмаслигини кутгандим. Аммо, афсуски 1 ҳафтадан сўнг бутун Хитой зарарланди. Бу даҳшатли ва қўрқинчли.

— Хитойда қисқа вақт ичида шифохона ва вирусга қарши кураш марказлари қурилди...

— Бу ерда ҳукумат нима деса, фуқаролар шуни бажаради. Карантин деб айтилди – барча хитойликлар уйида ўтиришди. Менимча мана шу хислатлар туфайли коронавирус мағлуб этилди. Албатта уни фақат карантин билан енгиш мумкин. Хитойликлар буни дарҳол тушуниб етишди. Ўзбекистонга йўл олганимда, аэропорт томон ҳаракатланаётган бирор машинани кўрмадим. Мана сизга тартиб-интизом.

— Ҳозир Хитойда нима юз бермоқда?

— Ҳаёт изига қайтди. Кўчаларда одамлар кўп, ҳаммаси очиқ. Олдингидек қўрқув йўқ. Тўғри, Шанхайда одамлар ниқобда юрибди, эҳтиёткорлик қилишяпти. Аммо, умуман олганда ҳаммаси яхши.

— Хитой чемпионати қачон бошланади, клуб раҳбарияти нима деяпти?

— Шанхайга қайтиб, 2 ҳафта карантинда ўтирдим. Ҳозир эса тўлақонли шуғулланяпмиз. Мавсумнинг қачон бошланиши маълум эмас. Тушунишимча, футбол бўлиши учун коронавирус тўлиқ кетиши, ҳеч ким касал бўлмаслиги керак. Хитойда вирусни тўлиқ енгиб ўтишмоқчи. Фақат шундан кейин – футбол. Менимча гап май ойининг охири ёки июнь ойи ҳақида кетяпти.

— Ҳозир кўплаб клублар маошларни қисқартирмоқда. Сизларда вазият қандай?

— Айтишларича маошлар 30 фоизга қисқарар экан. Ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

— Уч йилдан ортиқ вақт давомида Хитойда ўйнаяпсиз. Таассуротларингиз қандай?

— Хитой худди Россия каби жуда катта мамлакат. Бу ерда самолётда кўп учасиз, кўп ўйинларда иштирок этасиз. Одамлар – ёқимли ва содда. Хитойликлар футболни яхши кўришади, чемпионат йилдан-йилга кучаймоқда. Маҳаллий футболчилар ҳам сифатли легионерлардан ўрганиб, маҳоратини оширмоқда. Бу ерда футбол кўпроқ техникага ва комбинацияга асосланган.

— Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?

— Асосан уйда ўтираман, кам сайр қиламан. Китоб ўқийман, фильм кўраман, қариндошлар билан мулоқот қиламан. Оддий нарсалар.

— Кейинги режангиз қандай? Шартномангиз шу йилнинг декабрь ойида якунланадими?

— Ҳа, 1+1 тизими бўйича. Агар ҳаммаси яхши бўлса, шартномани узайтираман.

— Россиядан таклиф тушса-чи?

— Ёш эмасман, кейинги йили 34га кираман. Бундан ташқари, Россиядан таклиф бўлмаса керак деб ўйлайман. Менимча, уйга, Ўзбекистонга қайтишим ҳақиқатга яқинроқ.

— Хитойда нималарга кўниколмадингиз?

— Овқатга. Уни ейишга ўзимни мажбурлай олмадим.

— Аста-секин кўршапалак ҳақидаги суҳбатга ҳам келдик...

— Бу воқеанинг ҳақиқат эканига шубҳа қиламан. Кимдир Уҳанда кўршапалакни ебди, ҳаммаси шундан бошланибди... Бундай бўлмаса керак. Яна қандайдир лабораториядан коронавирус чиқибди деган гаплар ҳам тарқалди.

— Россиядаги собиқ жамоадошларингиз билан алоқада бўлиб турасизми?

— «Анжи» клубида Алексей Иванов билан дўстлашганман, яхши йигит, гаплашиб турамиз. «Краснодар»да ўзбекистонлик Николай Марков билан. Афсуски, бошқалар билан ҳеч қандай алоқа йўқ.

— Элдор Шомуродов 2019 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси деб топилди, ҳозир Россия чемпионатида яхши ўйнаяпти. Унинг салоҳиятига қандай баҳо берасиз?

— Ирода, тезлик, ўсиш — футболчилар учун муҳим хислатлар. Унда аввалдан ҳам иқтидор бор, аммо вақт керак эди. Бахтимизга, ҳозир Элдор ўз қобилиятини намоён қилмоқда. Жуда зўр ўйнаяпти!

— Унга Европа клубларидан қизиқиш бор. Масалан, Англия Премьер-Лигасида ўйнаб кета оладими?

— Агар яхши вариант бўлса, кетиш керак. Россия чемпионати ҳам кучсиз эмас, унда кўп гол уриш осонмас. Шомуродов Европага кетиш учун тайёр.

— Ўзбекистонда хусусий футбол мактабингиз борми?

— Иккита мактабим бор, бири Тошкентда, иккинчиси қадрдон Наманганда. Ишлаяпмиз, болаларга керакли дарслар бериляпти. Болалигимда ҳеч нарсам бўлмаган. Ҳозиргидек яхши майдонлар, шароитлар йўқ эди. Олдин кўплаб ёш, иқтидорли футболчилар маҳалладан ташқарига чиқолмаган. Чунки уларга профессионал футболчи бўлиш учун шароит яратилмаган, пул берилмаган. Шунчаки Тошкентга бориб, футбол ўйнаш учун пул топилмаган ҳолатларни биламан. Шу туфайли қадрдон шаҳримда мактаб очдим. Барча иқтидорли болаларга профи бўлиб етишиш учун шароитларни бепул қилдик.

— Икки ўғлингиз бор. Улар футболчи бўладими?

— Менимча улар футболга қизиқмаяпти. Агар шундай бўлса, уларни мажбурлаб футболчи қилмайман.

— Сизга қарши ўйнаган футболчиларнинг энг кучлиси?

— Де Брюйне.

— Энг кучли жамоадошингиз?

— Виллиан.

— Ўз салоҳиятини тўлиқ намоён қилолмаган энг иқтидорли футболчи?

— Олег Шатов. Уни кўп нарсага эришса керак деб ўйлагандим.

— Ҳозирги вақтда МДҲ ҳудудидаги энг кучли футболчи?

— Генрих Мхитарян.

— Сўнгги ўн йилликда МДҲ ҳудудидаги энг кучли 3 футболчи?

— Мхитарян, Жирков, Дзюба.

Мавзуга оид