Ўзбекистон | 07:51 / 13.04.2020
8473
2 дақиқада ўқилади

Санитария-эпидемиология хизмати ходимининг қалбаки гувоҳномасидан фойдаланган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 228-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Жорий йилнинг 8 апрель куни Шайхонтоҳур тумани Нурафшон кўчасида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари хизмат олиб боришлари давомида «Ласетти» русумли автомобиль тўхтатилган. 

Пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабарига кўра, текширув давомида ҳайдовчи СЭХ ишчисининг гувоҳномасини тақдим этган. Ҳужжатни яхшилаб кўздан кечирган ходимлар унинг ҳақиқийлигига шубҳаланиб қолишган. 

Хабарда айтилишича, санитария-эпидемиология назорати хизмати орқали аниқлаштириш ишлари натижасида мазкур шахс у ерда ишламаслиги маълум бўлди. Гувоҳнома қалбаки эди. 

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Қонуний чоралар кўрилиши учун 43 ёшли С.Ш. Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ 4-сон ИИБга олиб келинган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси («Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш») бўйича жиноий иш қўзғатилган. 

«Эслатиб ўтамиз, сохталаштирувчининг ўзи ёки бошқа шахс фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатлар тайёрлаши ёки расмий ҳужжатларни қалбакилаштириши ёхуд бундай ҳужжатларни сотиши, шундай мақсадларда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг қалбаки штамплари, муҳрлари, бланкаларини тайёрлаш ёхуд сотиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ҳурматли фуқаролар! Ҳужжатлар қалбакилаштириш ва сохталаштириш сизга ёрдам бермайди. Карантин қоидаларига амал қилишдан бош тортаётган баъзи фуқаролар нафақат ўзларини, балки яқинларини ҳам хавф остига қўйишмоқда. Ақл билан иш тутинг, уйингизни заруратсиз тарк этманг», - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид