Иқтисодиёт | 21:54 / 14.04.2020
91272
2 дақиқада ўқилади

Сўм қулашда давом этмоқда: банкларда доллар курси 10 минг сўмдан ошди

14 апрель оқшомида Ўзбекистондаги бир қатор банкларда АҚШ доллари курси 10 минг сўмлик нуқтадан ўтди.

Фото: Reuters

Кун давомида банкларда доллар олди-сотдиси 9780-9850 сўм коридорида амалга ошиб, кечга яқин харид 10050 сўм, сотув 10150 сўмгача кўтарилди.

Ҳозирга қадар Ўзмиллийбанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Orient Finans Bank, Асака банк, Алоқабанк, Ипак йўли банки, Ипотека банк, Равнақ банк, Ҳамкорбанк ва Hi Tech bank доллар курси 10 минг сўмдан ошганини эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, кеча Марказий банк экспорт тушумлари ва хориждан пул ўтказмалари ҳажми кескин камайганини маълум қилган эди.

Жумладан, Россия ва Қозоғистон миллий валюталарининг қадрсизланиши ортидан, март ойида Ўзбекистонга кириб келган пул ўтказмалари февраль ойига нисбатан 23 фоизга пасайган, апрелнинг дастлабки 8 иш кунида эса март ойининг мос даврига нисбатан 3 баробарга қисқарган.

Экспорт тушумлари эса март ойида олдинги ойга нисбатан 10 фоизга камайган.

Шунга қарамай, регулятор сўм алмашув курсининг қадрсизланиши эҳтимолини паст баҳоламоқда – қисқа муддатли даврда сўм алмашув курси маълум бир кичик ўзгаришлардан кейин ўзининг фундаментал трендига яқин даражада шаклланиши прогноз қилинган.

Қайд этиш керак, сўм девальвацияси апрель ойи бошидан жадаллаша бошлади. Республика валюта биржасида доллар курси 2 апрель куни 9600 сўм, 8 апрелда 9700 сўмлик психологик нуқтадан ўтган эди.

Маълумот учун, 14 апрелдан 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий қиймати 9693,36 сўм этиб белгиланган.

Мавзуга оид