Иқтисодиёт | 17:22
867
3 дақиқада ўқилади

Май ойида сўм курси қандай ўзгарди?

Майда долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 0,5 фоизга мустаҳкамланди. Курснинг ўртача кунлик тебраниши 0,3 фоизни ташкил этди. Ой давомидаги 17 та савдо сессиясининг 13 тасида АҚШ доллари сўмга нисбатан кўтарилган бўлса, 4 та савдо сессиясида тескари ҳолат кузатилди. 

Фото: Kun.Uz

Май ойида Ўзбекистонда долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 0,54 фоизга ёки 64 сўмга ошиб, 11 937 сўмдан 12 001 сўмга қимматлашди.

Ой давомидаги 17 та савдо сессиясининг 13 тасида АҚШ доллари сўмга нисбатан мустаҳкамланган бўлса, 4 та савдо сессиясида тескари ҳолат кузатилди. Майда долларнинг энг минимум қиймати 1 май куни қайд этилди – 11 937 сўм. 13 май куни доллар курси ойлик максимум — 12 145 сўмга етди.

Ой бошида банкларнинг долларни сотиб олиш бўйича энг яхши таклифи 11 925 сўмдан, сотиш бўйича эса 11 950 сўмдан бошланган бўлса, 26 май куни куни энг яхши харид курси 11 990 сўм, сотиш курси эса 12 010 сўмни ташкил этди.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ёзишича, долларнинг мустаҳкамланиши фақат сўм билан эмас, балки аксарият валюталар билан кузатилган. Апрел ойида доллар танлаб олинган 39 та валютадан 32 тасига нисбатан қадрсизланган бўлса, май ойида эса танлаб олинган валюталарнинг 25 таси долларга нисбатан қадрсизланган.

Апрел ойида энг юқори мустаҳкамланган валюталардан бири бўлган тенге май ойида долларга нисбатан 5 фоизга қадрсизланган. Рубл эса долларга нисбатан мустаҳкамланишда давом этиб, май ойида 5,1 фоизга қадрини оширган. Бу кўрсаткич апрелда 8,1 фоизни ташкил этганди.

Йирик валюталардан долларга нисбатан фунт ва иена 1,4 фоизга, франк 0,6 фоизга, евро эса 0,5 фоизга қадрсизланган.

Манба: Mirkonomika Телеграм канали

Ой давомида сўмнинг кунлик тебранувчанлиги 0,31 фоизни ташкил этиб, апрел ойига нисбатан сезиларли кенгайган. Аммо 2025 йилнинг мос ойига нисбатан волотиллик 9,2 фоизга пастроқ шаклланган.

Манба: Mirkonomika Телеграм канали

«Танлаб олинган валюталар билан таққослаганда, сўм нисбатан паст тебранувчан валюталардан бири бўлиб қолган. Лекин апрел ойи билан таққослаганда сезиларли ўзгариш юз берган. Апрел ойида сўм фақатгина 9 та валютага нисбатан тебранувчанроқ валюта бўлган бўлса, май ойда сўмнинг тебранувчанлиги 16 та валютага нисбатан кенгроқ бўлган. Ой давомида энг тебранувчан валюта Чили песоси бўлган (кунлик тебранувчанлик 0,62 фоиз). Шунингдек, рубл (0,54 фоиз) ҳамда тенге (0,47 фоиз) билан ҳам юқори тебранувчанлик кузатилган. Йирик валюталардан иена (0,29 фоиз) ҳамда еврода (0,19 фоиз) сўмдан кўра пастроқ тебранувчанлик кузатилган», дея қайд этган иқтисодчи.

Манба: Mirkonomika Телеграм канали
Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид