Ўзбекистон | 13:35 / 14.04.2020
21357
2 дақиқада ўқилади

Уйларни дезинфекция қилишга ҳожат йўқ – Нурмат Отабеков

Бош санитария инспектори Нурмат Отабеков вирус юқтирмаслик учун фуқароларга ўз хонадонларини доимий дезинфекция қилдиришни эмас, балки зарурат бўлмаганда кўчага чиқмаслик муҳимлигини маслаҳат берди.

Фото: KUN.UZ

«Биз учун энг хавфсиз ҳудуд – ўз хонадонимиз. Шунинг учун хонадонимизга касаллик қўзғатувчиси кириб келиши керак эмас. Касаллик эса кўчага бесабаб чиқсангиз, ўзингиз билан ёки келадиган меҳмон билан хонадонга кириши мумкин.

Касаллик ҳаво орқали ўз-ўзидан учиб келмайди, уни шамол ҳам олиб келмайди», дея таъкидлади Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган брифингда.

Инспекция раҳбари шу пайтга қадар уйида бирор марта дезинфекция тадбирини ўтказмаган фуқаролар борлиги ва турар жойларда дезинфекцияга унчалик эҳтиёж ҳам йўқлигини қайд этиб ўтди.

«Лекин агар фуқаро уйида дезинфекция тадбирини ўтказмоқчи бўлса, унда бу харажатлар унинг ўз ҳисобидан амалга оширилади. Лекин фуқаролар кўчага чиқмасдан, бегоналар билан мулоқотни чегаралаб коронавируснинг уйга олиб келиниши мумкин бўлган барча эҳтимолий ҳолатларини чекласалар, унда дезинфекция тадбирларини уй шароитида амалга оширишга эҳтиёж қолмайди», дея қайд этди Нурмат Отабеков.

У фуқароларга дезинфекция станцияларига қўнғироқ қилиб, дезинфекция тадбирларини ўтказиб беришни сўрамасликни сўради.

Мавзуга оид