«Xavfsiz Yordam» лойиҳаси: Ижтимоий ҳимояга муҳтож минг нафар аёл учун 1 миллион сўмдан ўтказиб берилди
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан «Xavfsiz Yordam» лойиҳаси доирасида республика бўйлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож, фарзандларини ёлғиз тарбия қилаётган, ишсиз қолган минг нафар аёлга мингта Uzcard карточкалари тайёрланиб, улар учун жами 1 млрд сўм ўтказиб берилди. Ўн кун ичида карталар ўз эгаларига етказилади.
Ўзбекистондаги карантин кунлари иқтисодиёт учун ҳам, аҳоли учун ҳам жиддий синов бўлди. Айниқса, молиявий захирага эга бўлмаган ва ҳатто яхши ишлаб турган иқтисодиёт даврида ҳам камбағаллик ёқасида бўлганлар жиддий жабр кўрмоқда.
Кўпчилик учун бу фавқулодда вазият инсонийлик синовига айланди. Тошкентда дастлабки кунларданоқ аҳолининг заиф қатламларини: ногиронлар, кекса ёшлилар ва кўп болали оилаларни, шунингдек кунлик даромадларини йўқотганларни қўллаб-қувватлаш учун кўнгиллилар ҳаракати йўлга қўйилди.
Юзлаб одамлар ўзлари ташаббус кўрсатиб, ўзи учун захиралаб қўйган маҳсулотларини баҳам кўришди, гарчи улар ўзлари молиявий қийин аҳволда бўлсада, ёки шундай ҳолатга тушиб қолиш эҳтимоли бўлишига қарамай, бир-бирларига ёрдам беришмоқда. Тадбиркорлар ҳам минглаб оилаларга ёрдам кўрсатишни ташкиллаштириш орқали ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.
Халқимизда жуда ажойиб хусусият бор − меҳрибонлик
«Ўзэкспомарказ»да Ҳомийлик ёрдамини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилди ва фаолият юритмоқда, унда Ёшлар иттифоқининг 150 нафар кўнгиллилари ҳамда тиббиёт олийгоҳи талабалари ишлашмоқда. Шаҳарнинг барча бурчакларидан хайрия оқими шу марказга тўпланади. Кейин хайрия маблағлари орқали сотиб олинган ёки тақдим этилган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар тарқатилиб, манзилларга етказилади. 2 апрелдан 13 апрелга қадар 27 мингдан ортиқ озиқ-овқат пакетлари манзилларига етказиб берилди.
Шу ўринда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ёрдамнинг тубдан янги шаклини ишлаб чиқди ва жорий этди. Бу стратегия пандемия даврида ёрдам олаётганлар билан ўзаро контактларни қисқартиришга имкон беради, чунки карантин қоидаларига риоя қилиш ва ижтимоий масофа сақлаш жуда муҳимдир.
Саида Мирзиёева:
«Бугунги таҳликали кунларда ўн минглаб одам бир-бирига ёрдам қўлини чўзмоқда, қалбининг бир парчасини бериб, бир-бирини қўллаб-қувватламоқда.
Энг муҳими эса, одамлар нафақат ёрдам беришмоқда, балки борини баҳам кўришмоқда. Улашиш — бу муҳтож бўлган кишига ёрдам бериш учун ўзининг фаровонлигининг бир қисмини беришни англатади.
Меҳрибонлик ва саховат — халқимизнинг ажойиб белгиларидир. Ҳозир қийин аҳволда бўлганларга ёрдам бераётган барчадан жуда миннатдормиз.
Пандемия бизга учрашишга, бир-биримизникига ташриф буюришга, қариндошларимизни бағримизга босишга имкон бермайдиган ўз қоидаларини ўтказмоқда.
Биз ёрдам контактсиз, масофада ва айни пайтда самарали бўлиши учун нима қилиш кераклигини ўйлай бошладик. Шу тариқа «Xavfsiz Yordam» лойиҳаси пайдо бўлди».
Хайрия ёрдами учун ўзига хос сегментни танлашга қарор қилинди — бу карантин туфайли қийин молиявий аҳволга тушиб қолган аёллар. Пластик картани расмийлаштириш имконига эга бўлмаган, телефони ёки интернети йўқлар. Бу аёлларни шахсий пластик карточкалари билан таъминлаш ва уларга бир миллион сўмдан пул ўтказиб бериш вазифаси қўйилди. Ушбу миқдор тахминан етти хайрия пакетининг нархига тенгдир. Нақд пул ёрдами оила учун энг зарур бўлган нарсани сотиб олишга имкон беради. Шахсий пластик карталаридан эса бутун республика бўйлаб чекловларсиз, фойдаланиш муддати тугагунча ва кейинчалик алмаштириш орқали ҳам фойдаланиш мумкин.
Ижтимоий ва молиявий ҳимояга муҳтож аёлларнинг шаклланган базаси асосида манзилли рўйхат шакллантирилди. Унинг лойиҳасини ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенглиги бўйича комиссия, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси, Ҳомийлик кўмаги фаолиятини мувофиқлаштириш маркази катта ёрдам кўрсатди. Чунки айнан улар фавқулодда ёрдамга муҳтож бўлганлар ҳақида бошқалардан кўра кўпроқ маълумотларни билишади.
Умумий ҳисобда 1000 киши танлаб олинди: Тошкентдан 350 нафар аёл ва ҳар бир вилоятдан 50 кишидан. Ушбу рўйхатдан 25 ёшдан 55 ёшгача бўлган, даромад манбаига эга бўлмаган, аммо болалари бўлган, шунингдек яқинда қамоқдан озод қилинганлар киради. Бу ўзига хос гуруҳ, улар ҳеч қаерда ишлашмайди, чунки расмий равишда ишга кириш учун имконлари ёки вақтлари бўлмаган.
Ушбу лойиҳада бевосита иштирок этган подполковник Нафиса Раҳимқуловна Дусмухамедованинг сўзларига кўра, бу лойиҳа уларнинг қарамоғида бўлган фуқаролар билан яхши алоқаларни ўрнатиб олиш учун имконият яратди.
Барча муҳтожларнинг паспорт нусхаларини тўплаш имкони бўлмаганлиги сабабли, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси банкка карточкаларни дастлабки расмийлаштириш учун №1 форма шаклида тақдим этди, бу ҳужжат паспорт бериш учун асос бўлиб, барча зарур маълумотларни ўз ичига олади. Бошқарма ва «Капиталбанк» ички протоколларни бузмасдан махфийлик тўғрисидаги шартномани имзоладилар.
«Хавфсиз ёрдам» хайрия лойиҳаси доирасида Uzcard ЯУПМ тайёр пластик карточкаларни тақдим этди. Карталар Фонд дизайнерлари томонидан безалгач, муҳтожлар номига расмийлаштирилди.
Дарҳол ҳар бир картага маблағ ўтказилди ва банк мутахассислари профилактика инспекторлари билан биргаликда уларни дарҳол Тошкент шаҳридаги манзилларга тарқатилди. Банк барча шартномаларни имзолади ва шундан сўнг паспорт сканерларини олди. Вилоятлардаги ёрдамга муҳтож аёлларга карталарни тезда топширишда Ички ишлар вазирлиги ёрдам кўрсатди.
Комил Алламжонов:
«Қийин даврда ҳар қандай ёрдам бебаҳодир. Аммо айнан ушбу хайрия шакли универсал, самарали ва барча учун анча хавфсиздир. Умид қиламизки, бошқа ташкилотлар бизнинг намунамизга эргашади ва мақсадли ёрдам учун уларнинг рўйхатини тузади. Биз, ўз навбатида, ишлаб чиқилган стратегияни баҳам кўришга тайёрмиз».
«Капиталбанк» томонидан тақдим этилган карталар бўйича навбатдаги хайрия транши 20 кун ичида амалга ошириш режалаштирилган. Профилактика инспекторлари пул тушгани тўғрисида ўз ҳудудларидаги муҳтожларга вақтида хабардор қиладилар.
«Битта ташкилот, ҳатто ҳомийларни мувофиқлаштириш маркази ҳам барчани қутқара олмайди. Шу сабабли, хайрия ёрдамини кўрсатишга тайёр бўлганлар доирасини ва муҳтожларга манзилли ёрдам кўрсатиш усулларини кенгайтириш керак. Ҳа, минг нафар аёл — бу кўп эмас, лекин бу эътибор туфайли бутун бошли минг киши яхшиликка ишонади ва таслим бўлмайди.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди бошқа ташкилотларни ҳам шу йўлдан боришга чақирмоқда. Бундай ҳолда, ёрдам фақат бир нечта тугмачани босиш орқали кўрсатилиши мумкин. Ҳозирги шароитда эса тезкорлик ва хавфсизлик асосий масалага айланмоқда», Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди матбуот хизмати хабарида.
Мавзуга оид
16:01 / 05.03.2020
Туҳмат ва ҳақорат: Журналистлар бошқалардан кўра оғирроқ жазога гирифтор этилиши адолатданми?
20:01 / 10.02.2020
Жамоат фонди сайтни Давлат тест марказидан ҳимоя қилмоқда
22:46 / 02.02.2020
Комил Алламжонов янги фонднинг молиялаштириш манбаларига ойдинлик киритди
18:30 / 02.02.2020