18:17 / 15.04.2020
19245

Депутат Дониёр Ғаниев аҳолининг ижтимоий заиф қатламини моддий қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар билдирди

Ҳукумат карантин туфайли иш жойи ва кунлик даромадини йўқотган оддий фуқароларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши керак, деб ҳисоблайди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев.

Фото: KUN.UZ

Депутат Kun.uz мухбири билан суҳбатда бу чора-тадбирларнинг зарурати ва унинг қай кўринишларда бўлиши кераклиги борасида ўз фикрларини билдирди.

«Aйни дамда бутун дунё оғир аҳволга тушган. Коронавирус пандемияси туфайли кўплаб давлатларда қатъий карантин чоралари жорий этилиб, одамларни эркин ҳаракат қилиши чекланган. Хизмат кўрсатиш ва туризм, авиация ва транспорт соҳалари, кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Натижада бутун дунё иқтисодиёти катта зарар кўрмоқда, бир неча ўн миллионлаб инсонлар ўз иши ва даромадини йўқотиб, иқтисодий оғир вазиятда қолмоқда.

 Минг афсуски, бу фожиа мамлакатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Юқоридаги ҳолатлар бизга ҳам бегона эмас.

 Шу билан бирга алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон президенти ва ҳукумат томонидан коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга, аҳоли фаровонлиги ва турмуш тарзига салбий асоратларини камайтириш мақсадида илк кунларданоқ амалий ҳаракатлар бошланиб, чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 19 мартда ва 3 апрелдаги фармони асосида миллий иқтисодиётнинг таянчи бўлган тадбиркорлик субъектлари, саноат корхоналари, туризм ва хизмат кўрсатиш субъектлари, экспортёрларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 32 триллион сўмлик чора-тадбирлар белгиланди. Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун солиқ имтиёзлари, уларнинг кредит тўловларини кечиктириш, банкларнинг ликвидлик даражасини ошириш, зарур истеъмол товарлари учун божхона божлари ва акциз солиқларини бекор қилиш, ижтимоий нафақа олувчилар сонини ва муддатини кенгайтириш каби чора-тадбирларга қўшимча маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилди.

 Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон президенти томонидан кўрилаётган бу чора-тадбирлар эпидемиологик вазиятнинг миллий иқтисодиётимизга салбий таъсирини камайтириш, иқтисодиётни зарур молиявий ресурслар ва ликвидлик билан таъминлаш ҳамда булар орқали қисқа фурсатларда иқтисодий барқарорликни кафолатлаш мақсад қилинган.

 Aлбатта, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ушбу чора-тадбирларни тўғри деб биламан ва тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Лекин шу билан бирга, бир нарсага эътибор қаратмоқчиман. Юқоридаги чора-тадбирлар асосан тадбиркорлик субъектлари ва йирик давлат корхоналарини қўллаб қувватлашга қаратилган. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг нисбатан ижтимоий заиф қатлами, яъни карантин туфайли иш жойи ва кунлик даромадини йўқотган оддий фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам ҳукумат томонидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини талаб этади», – деди у.

 Дониёр Ғаниев бу чора тадбирларнинг зарурати борасида тўртта асосий сабабни келтириб ўтди.

 «Биринчидан, аҳолининг бу қатлами тадбиркорлик субъектлари эгаларига нисбатан кам пул жамғармалари тўплаган бўлади. Натижада ишсиз, кунлик даромадсиз ва хориждаги яқинларидан келадиган пул жўнатмаларисиз қолган бу одамлар узоқ вақт карантин қоидаларига амал қилиб, уйда қолиш имкониятига эга бўлмайди. Улар карантин қоидаларини бузишга ва пул топиш мақсадида иш ахтариб кўчага чиқишга мажбур бўладилар. Бу эса ўз навбатида мамлакат бўйлаб катта харажат ва зарарлар эвазига жорий этилаётган карантин самарадорлигини йўққа чиқариши мумкин.

 Иккинчидан, мамлакатимизда карантин чекловлари жорий этилганига аллақачон бир неча ҳафта бўлгани аҳолининг катта қисмида, айниқса ўз томорқасига ёки қўшимча даромадга эга бўлмаган, кўп қаватли уйларда яшайдиган қатламнинг пул жамғармалари тугаб бораётгани, уларнинг бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиши кундан кунга қийинлаша бораётганини тахмин қилиш қийин эмас. Қолаверса, Хитой тажрибаси ва бошқа давлатларда вирусга қарши курашда қўлланилаётган чора-тадбирлардан кўриниб турибдики, карантин чекловлари қачон тугаши номаълум ва яна 4-6 ҳафтага чўзилиши мумкин.

Учинчидан, иқтисодиётдаги талаб ва таклиф. Эртага карантиндан сўнг, хизмат кўрсатиш соҳасидагилар, саноат корхоналари ўз фаолиятини тиклаб, таклифни таъминласа-да, лекин одамлар қўлида пул бўлмаса, таклиф этилаётган хизмат ва маҳсулотларни сотиб олиш имкониятига эга бўлмаса, яъни бозорда талаб бўлмаса, иқтисодий таназзулдан чиқиш жараёни янада чўзилиб, ҳукумат томонидан кўрилган чора-тадбирлар самарасини камайтириши мумкин.

Тўртинчидан, кейнсизм (британиялик иқтисодчи Жон Мейнард Кейнс томонидан илгари сурилган) таълимотига кўра, иқтисодий турғунликни енгиб ўтиб, иқтисодий ўсишга эришишда давлатнинг роли ва унинг аралашуви (монетар ва фискал дастурлар орқали) муҳим омил ҳисобланади. Дунё тарихидаги энг катта иқтисодий инқирозлардан бири сифатида ном олган, ўтган асрнинг 30-йилларидаги «Буюк депрессия»ни енгиб ўтишда бу назария қўл келган. Қолаверса, давлат томонидан ажратилган ёки сарфланган ҳар бир доллар иқтисодиётда занжир эффекти орқали ЯИМда икки баробаргача қўшимча қиймат яратилишига ҳисса қўшиши мумкин.

Шунингдек, аҳоли томонидан истеъмол маҳсулотларига сарфланадиган маблағнинг 15 фоизи ҚҚС шаклида ҳамда бошқа солиқлар шаклида давлат ғазнасига қайтишини инобатга олинса, аҳолини ишсизлик нафақаси билан таъминлаш иқтисодиётни жонлаштиришдаги ҳукумат томонидан қўлланиладиган муҳим ва самарадор стимуллардан бири бўлиб хизмат қилади», – деди Ғаниев.

У юқоридагилардан келиб чиқиб, аҳолининг ижтимоий заиф қатламини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида, қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни таклиф қилди.

«Биринчи навбатда қонуний меҳнат шартномаси асосида фаолият юритиб, ягона ижтимоий тўлов (иш берувчи томонидан) ва даромад солиқлари тўлаб борган, лекин ҳозирда иш ўрнини йўқотган ёки тўловсиз меҳнат таътилига чиқарилган барча фуқароларга карантин муддати давомида ишсизлик нафақаси автоматик тарзда тўланиши лозим.

Бунда ишсизлик нафақаси энг кам иш ҳақи миқдоридан (тахминан 680 минг сўм) кам бўлмаган миқдорда белгиланиши мумкин.

Иккинчидан, бугунги кунга қадар «яширин иқтисодиёт»да фаолият юритиб келган (яъни иш ҳақини конвертда олган ва топилган даромадларидан тегишли солиқларни тўламаган), лекин ҳозирда ишидан айрилган фуқароларга ҳамда асосий боқувчиси хорижда меҳнат қиладиган оилаларга фоизсиз ссуда тарзида ёрдам пулини ажратишни йўлга қўйиш керак.

Бунда фуқароларга берилган ёрдам пулини келаси 6-12 oй ичида қайтариш имконияти берилиши мумкин.

Қолаверса, ёрдам пулини бу тарзда (яъни қайтариш шарти билан) берилиши ўз навбатида фуқароларга қонуний тарзда солиқлар тўлаб меҳнат қилишнинг афзаллигини англаб етишга, келажакда хуфёна иқтисодиётнинг қисқаришига ҳам ижобий туртки бўлиши мумкин», – деди депутат.

Дониёр Ғаниевга кўра, таклиф қилинаётган ушбу зарур тадбирлар нафақат аҳолининг ижтимоий заиф қатламини ҳимоя қилишга, балки фуқаролар томонидан карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, уйда ўтиришига ҳамда карантиндан сўнг миллий иқтисодиётимизни қисқа фурсатларда «оёққа туриб олишига» ҳам хизмат қилади.

«Умид қиламанки, кўплаб мутахассис ва жамоатчилик вакиллари тарафидан берилаётган таклифларни инобатга олиб, ҳукуматимиз томонидан яқин кунларда аҳолини ижтимоий заиф қатламларини янада қўллаб-қуватлашга қаратилган мақсадли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, жорий этилади», – деди депутат Дониёр Ғаниев сўзи якунида.

 Эслатиб ўтамиз, Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров аҳолини қўллаб-қувватлашнинг 2-3та усули кўриб чиқилаётганини маълум қилган.

 Қўчқоров Kun.uz мухбири билан суҳбатда айтгандики, ҳозирда ҳукуматда болалар ёки оилаларга пул тарқатиш вариантлари бор.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top