Ҳуқуқ-тартибот орган ходимларини сурат ёки видеога олиб, тармоқларда обрўсизлантириш мақсадида тарқатишга жавобгарлик белгиланишига на жамиятнинг, на қонунчиликнинг эҳтиёжи йўқ. Янги қонуннинг бу нормаси очиқлик сиёсати, адолатлилик принципига зид. У одамларни қўрқув остида ушлаб туриш мақсадида қабул қилинмоқда, бу давлат ходими ва халқ ўртасида жарлик пайдо қилишига олиб келади. Kun.uz'нинг ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ва депутат Дониёр Ғаниев билан бўлган суҳбатида шулар ҳақда сўз боради.

Шу кунларда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини суратга ёки видеога олиб, уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетда эълон қилишга жавобгарлик белгиланаётгани муҳокамалар марказида бўлиб турибди.

Қонун Сенатнинг тегишли қўмитасида муҳокама қилинаётган бўлса-да, ўтган ҳафтадаги ялпи мажлис кун тартибидан жой олмади.

Kun.uz бундай жавобгарлик киритилишини қўллаётган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов, ИИВ академияси кафедраси бошлиғи Бахтиёржон Муродов ва Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодировни бу моддага қарши фаоллар билан очиқ мулоқотга таклиф қилди, лекин улар турли сабаблар туфайли келмаслигини билдирди.

Натижада суҳбат Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев билан бўлиб ўтди.

Дастлаб нима сабаб бу қонун кўпчилик томонидан муҳокама қилинаётганини сўрамоқчиман. Хушнудбек ака, Дониёр ака, биламан, сизлар қонуннинг айнан сурат ёки видеони эълон қилиш билан боғлиқ бандининг қабул қилинишига қаршисизлар. Сенатнинг қўмитасидаги йиғилишда бу қонун қабул қилиниши кераклигини асослай олишдими?

Хушнудбек Худойбердиев: Битта жойини тўлдириб кетиш керак. Ўзи бу суҳбат қилайлик деган ташаббусни мен билдирган эдим. [Kun.uz'га] таклиф билан чиқдим. Айниқса, Отабек Бакиров ва маиший техника ишлаб чиқарувчилар билан бўлган онлайн дебатдан кейин яна бир муҳокама учун мавзу бор, мен тайёрман, Алишер Қодировни чақирайлик дедим. Нимага Алишер Қодировни? Чунки ўзларининг каналларида бу қонунни қўллаб-қувватлаб, хуллас, айбни халққа тўнкагандек мазмундаги, яъни “сизлар ўзи ҳаммасини булғаяпсизлар, видеони олсанглар, интернетга чиқармасдан шикоят қилинглар”, – дегандек фикр билдирди. Айтдимки, бўлди, агар шу қонунни Алишер Қодиров хоҳлаётган экан, тўғри деб ҳисоблар экан, марҳамат, икки қутб ўзаро гаплашайлик, муҳокама қилайлик, қуруқ интернетда ёзиш бошқа, юзма-юз кўришиб гаплашиш бошқа дедим.