Кредит таътили даврида йиғилган тўлов ва фоизлар бирданига тўланмайди – Мамаризо Нурмуратов
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовнинг маълум қилишича, кредит таътили тугагандан кейин фуқаролар кредитларни илгари қанча миқдорда тўлаб келишган бўлса, ўша миқдорда тўлашда давом этишади. Яъни кредит графиги олти ойлик узайтириб берилади.
Мамаризо Нурмуратов Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдан ташқари йиғилиши якунлари ва унда қабул қилинган қарор юзасидан ўтказилган брифингда кредит таътили даврида тўланмаган кредит тўловлари ва фоизлари биттада тўланмаслиги ҳақида маълум қилди.
«Аҳолимизнинг қарийб 76 фоиз қарзларининг муддатини узайтиряпмиз. Тадбиркорлик субъектларининг 55 фоиз атрофидаги қарзлари 2020 йилнинг 1 октябригача узайтирилди.
Фуқароларимизда 1 октябрда кредит таътили тугагандан кейин олти ой давомида тўланмаган кредит тўловлари ва фоизларини биттада тўлайманми, деган саволлар туғилмоқда. Йўқ, бу нарса бўлмайди. Шу фурсатдан фойдаланиб, ушбу масала бўйича тушунтириш бермоқчиман.
Кредит таътили тугагандан кейин фуқаролар кредитларни илгари қанча миқдорда тўлаб келишган бўлса, ўша миқдорда тўлашда давом этишади. Яъни кредит графиги олти ойлик узайтириб берилади. Ўртада танаффус бўлади холос.
Тасаввур қилайлик, фуқаро график бўйича кредитини 2021 йилнинг 1 январида тўлиқ сўндириши белгиланган бўлса, кредит таътилидан сўнг бу муддат 2021 йилнинг 1 июлигача узайтирилади. Бу ўз-ўзидан қарз олувчига қўшимча тўловлар юкини юзага келтирмайди. Биз барча тижорат банкларимизга мижозларига кредит таътили беришда ишни мана шу йўналишда амалга ошириш бўйича кўрсатма берганмиз», дея Мамаризо Нурмуратовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
15:08 / 23.10.2020
«Барча ҳаракатларимиз инфляцияни ушлаб туришга қаратилган» – МБ раиси
12:32 / 23.10.2020
«Нархлар ўзгариши борасидаги кутилмалар пасаймаса, биз ҳеч нарса қила олмаймиз» – МБ раиси
11:03 / 23.10.2020
Марказий банк раиси Ўзбекистон «кўп олтин сотиб юборгани» ҳақидаги гапларга муносабат билдирди
19:53 / 22.10.2020