Ўзбекистон | 14:40 / 15.04.2020
12481
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбектелеком» интернет тезлиги пастлиги ҳақидаги мурожаатга жавоб берди

7 апрель куни Kun.uz сайтида «Видеодарсларни ўзлаштиришга интернет тезлиги йўл бермаяпти» сарлавҳали мақола эълон қилинган ва унда сайт ўқувчиларидан бирининг интернет тезлиги пастлиги онлайн дарсларни ўзлаштиришда имкон бермаётгани борасидаги мурожаати келтирилганди.

«Оилада мендан ташқари яна бир талаба бор: укам ҳозир институтнинг 5-босқич талабаси. Синглим эса мактабда ўқийди. Онам мактабда дарс беради.

Ҳаммамизнинг иш ва ўқиш фаолиятимизга интернет жуда керак. Онам ўқувчиларига онлайн дарс ўтиши, биз эса онлайн таълим олишимиз керак. Ҳозир университетларда масофавий таълим йўлга қўйилган.

Туман марказида яшасак ҳам, уйимизда мобил интернет деярли ишламаяпти. Уйга Wi-Fi ўрнатиш ҳақида «Uztelecom» АЖнинг Жомбой туман филиалига ариза берганмиз. Яқинда Wi-Fi ўрнатиб беришга ваъда беришди, лекин айтилган вақтида улаб беришгани йўқ», – дейилганди Муҳриддин Баҳриддиновнинг мурожаатида.

«Ўзбектелеком» АК ушбу мурожаат бўйича муносабат билдирди.

«Мурожаатчи жорий йилнинг 9 март куни «Ўзбектелеком» АК Самарқанд филлиали Жомбой тумани телекоммуникация боғламасига интернет хизматига уланиш учун ариза топширган. Ариза масъуллар томонидан ўрганиб чиқилган ҳамда мурожаатчига жорий йил 24 март куни мазкур ҳудудда мавжуд телефон алоқаси магистрал линиясида бўш сиғим мавжуд эмаслиги, мурожаатчининг интернет хизматига бўлган талаби тармоқни ривожлантириш ишлари доирасида кўриб чиқилиши маълум қилинган.

Мурожаатни ўрганиш вақтида Муҳриддин Баҳриддинов истиқомат қилувчи мазкур ҳудуд «Ўзбектелеком» АК кенг полосали уланиш тармоғини ривожлантириш режасига киритилган бўлиб, бу ерда ҳозирги кунда илғор технологиялардан бири бўлган GPON технологияси асосида телекоммуникация хизматларини тақдим этиш режалаштирилган эди. Лойиҳа бўйича мазкур ҳудудда режалаштирилган ишлар жорий йилнинг 8 апрель куни якунига етказилган ва мурожаатчи билан телекоммуникация хизматлари тақдим этилиши бўйича шартнома имзоланган. Шу тариқа Муҳриддин Баҳриддиновнинг интернетга бўлган талаби қондирилган.

Ўз навбатида «Ўзбектелеком» АК нашрингизга шу каби мурожаатларни етказиб берганингиз учун ташаккур билдиради», дейилади «Ўзбектелеком» АК Kun.uz’га тақдим этган муносабат матнида.

Мавзуга оид