Ўзбекистонда транспорт, энергетика, коммунал ва телекоммуникация хизматлари каби соҳалардаги 13 та йирик давлат компанияси IPO ўтказади. Оммавий савдога чиқариладиган активлар қиймати 2,44 млрд долларга баҳоланяпти. Компаниялар 2030 йилгача ўз соф фойдасининг камида 50 фоизини акциядорларга бўлиб беради. Дастлабки тўловлар 2027 йилдан бошланиши кутиляпти.
Яқин кунларда ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун мамлакатдаги қатор йирик компаниялар, хусусуан, Uzbekistan Airways, “Ўзбектелеком” каби ташкилотларнинг бир қисмига эгалик қилиш имконияти пайдо бўлади.
Ўзбекистон миллий инвестиция фонди ўзининг акцияларини очиқ савдога чиқаришини эълон қилди. Соддароқ тилда айтадиган бўлсак, давлат ўзининг йирик ва даромадли компанияларини катта «ҳамён»га жамлаб, шу ҳамённинг бир қисмини маҳаллий инвесторларга ва хорижий сармоядорларга сотишни режалаштиряпти.
"Катта ҳамён"да нималар бор?
Ўзбекистон миллий инвестиция фонди 2024 йил август ойида мамлакатдаги энг йирик корхоналардаги давлат улушларини бошқариш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида ташкил этилган. Тузилманинг ягона акциядори Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисобланади. Вазирлик жамғармани дунё бўйлаб 1,74 трлн доллар қийматдаги активларни бошқарадиган АҚШнинг Franklin Templeton компаниясига ишончли бошқарувга топширган.
UzNIF портфелидаги улушларнинг жами соф активлар қиймати 2025 йил 31 декабр ҳолатига 2,44 млрд долларга баҳоланган ва қийматдаги миноритар акцияларидан иборат:

Бу ерда энг эътиборли жиҳат – кафолатланган даромад! Жамғарма акциядорлар учун жуда жозибадор шартни эълон қилди: UzNIF таркибидаги компаниялар 2030 йилгача ўз соф фойдасининг камида 50 фоизини акциядорларга бўлиб беради. Дастлабки тўловлар 2027 йилдан бошланиши кутиляпти.
Қимматли қоғозлар бир вақтнинг ўзида иккита платформада сотилиши кутилмоқда: оддий акциялар — “Тошкент” республика фонд биржасида, глобал депозитар тилхатлар — Лондон фонд биржасининг асосий бозорида.
UzNIF портфелидаги компанияларнинг қуйидаги 6 таси 2028 йилгача индивидуал тарзда IPO ўтказиши ҳам кўзда тутилган: Uzbekistan Airways, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “Ўзбектелеком”, “Ўзбекгидроэнерго”, “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ҳудудгазтаъминот”.






