Жаҳон | 23:03 / 15.04.2020
10051
2 дақиқада ўқилади

Путин ишчилар маошини тўлаш учун кичик ва ўрта бизнесга давлат томонидан пул ажратишни таклиф қилди

Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар ишлаб чиқилаётгани ҳақида Россия бош вазири Михаил Мишустин 13 апрелда маълум қилганди.

Фото: Reuters

Россия президенти Владимир Путин ҳукумат аъзолари билан ўтказилган йиғилиш чоғида ишчиларга ойлик маошларни бериши учун кичик ва ўрта бизнес корхоналарига маблағ ажратишни таклиф қилди.

«Жабр кўрган кичик ва ўрта компанияларга илгари қабул қилинган қўллаб-қувватлов чораларига қўшимча равишда давлат томонидан беғараз молиявий ёрдам ажратишни таклиф қиламан. Корхоналар бу маблағларни мавжуд зарур вазифаларни амалга оширишга йўналтириши мумкин. Жумладан, маош тўлашга, ўз ходимларининг апрель ва май ойларидаги иш ҳақлари даражасини сақлаб қолишга»,  деди у.

Путин ёрдам ҳажми компаниялар ходимлари сонининг 1 апрель ҳолатидан келиб чиқиб ҳисобланишини айтди.

«Бир ходим учун 12 130 рублдан келиб чиқилади»,  деди Россия президенти ҳамда мазкур ёрдамни олиш учун мурожаат қилиш содда ва қулай бўлиши шартлигини таъкидлади. Путин ҳукумат бизнес 1 майдан ушбу ёрдамни олишга ариза бериши учун шароит тайёрлаши кераклигини айтди.

Путин шунингдек, қуйидаги топшириқларни берди: 

  • Миллий иқтисодиёт учун ўта муҳим бўлган компаниялар рўйхатини тузиш. 
  • Бу компанияларга айланма маблағларини тўлдириш учун имтиёзли кредитлар тақдим этиш. 
  • Коронавирус пандемияси оқибатида зарар кўрган Россия авиакомпанияларини қўллаб-қувватлаш учун 23 млрд рублдан ортиқроқ маблағ ажратиш. 
  • Регионлар бюджетларининг мустаҳкамлиги ва мувозанатини таъминлаш учун 200 млрд рубль йўналтириш. 

Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар ишлаб чиқилаётгани ҳақида Россия бош вазири Михаил Мишустин 13 апрелда маълум қилганди. Инқирозга қарши янги пакет қиймати 1 трлн рублни ташкил этиши мумкин, деб хабар берганди Bloomberg ўз манбаларига таяниб.

Мавзуга оид