Иқтисодиёт | 19:26 / 15.04.2020
20613
7 дақиқада ўқилади

«Қора оққуш ҳодисаси»: пандемиянинг жаҳон молия бозорига таъсири ҳақида

Ҳар қандай кутилмаган катта ҳодиса – у хоҳ салбий бўлсин, хоҳ ижобий – инсоният тарихида чуқур из қолдиради. Бундай ҳодисалар фан тилида «қора оққуш ҳодисаси» (black swan event) деб аталади.

2019 йил декабр ойида Ухан шаҳрида бошланган Covid-19 эпидемиясининг дунёга таъсирини бундан бир неча ой олдин тасаввур қилиш қийин эди. Ҳатто баъзи мутахассислар Covid-19’ни мавсумий грипп ёки бошқа ўпка касалликларига ўхшатишди, ваҳима қилишга ўрин йўқлигини таъкидлашди.

Бу – худди қора оққушнинг Австралия қирғоқларида мавжуд эканига орнитолог олимлар ишонмай келишгани, токи 1697 йилда уни кўриб ҳайратда қолганларидек, юзага келиб турган пандемия кўпчилик учун ҳақиқий «сюрприз» бўлди.

Австралия жанубий-ғарбий қирғоқларида учрайдиган қора оққуш

«Қора оққуш ҳодисаси» ибораси илм-фан, молия ва технология тарихида кутилмаганда содир бўладиган, содир бўлиши эҳтимоли жуда паст бўлган, аммо содир бўлса жиддий зарар келтирадиган ҳодисаларга ишлатилади.

Бундай ҳодисаларнинг мураккаб томони шундаки, уларнинг қачон содир бўлишини ва воқеаларнинг қайси томонга ва қанчалик тез ривожланишини тахмин қилишнинг имкони йўқ. Иқтисодчилар тили билан айтганда, кейинги воқеалар ривожини тахмин қилиш учун маълумотлар етарли эмас.

«Қора оққуш» ҳодисасининг иқтисодий зарари мисли кўрилмаган бўлади, уни олдиндан тахмин қилиб бўлмайди, уни фақат тўғри иқтисодий сиёсат орқали кам талафот билан ўтказиш мумкин.

Бунга курка ҳақидаги масални мисол қилиб келтирсак бўлади. Курка тухумдан чиққанидан бошлаб минг кун давомида хўжайини уни уч маҳал овқат билан сийлайди ва унга яхши муносабатда бўлади. Ҳатто курка «инсонлар бизнинг ҳақиқий дўстимиз» деб ўйлашни бошлайди... Токи ўша машъум минг биринчи кун келмагунча. Шукроналик куни тонгида курка учун мисли кўрилмаган воқеа содир бўлади, меҳрибон хўжайини ундан мазали таом тайёрлашни режалаштирганди.

Қуйидаги расмда 1000 кун давомида курканинг хўжайинига бўлган ишончи ошиб боришини кўришимиз мумкин, 1001-кун эса ўша ишонч батамом йўқ бўлади.

Шукроналик куни тонгидаги курканинг ҳолати.
Манба: The Black Swan, Нассим Николас Талеб

Дунё иқтисодиёти охирги 10 йил давомида нисбатан барқарор, 3 фоиз атрофида ўсгани натижасида Жаҳон банки мутахассислари январь ойи бошида 2020 йил учун глобал ЯИМнинг 3,6 фоизга ўсишини тахмин қилишаётган эди. Бугунги кунда эса аксинча, глобал ЯИМ 2019 йилга нисбатан 3 фоизга қисқариши кутилмоқда, яъни фарқ – 6,6 фоиз. Бу эса ҳақиқий «қора оққуш ҳодисаси» юз берганидан далолатдир.

ЖССТ 12 мартда пандемия эълон қилгунига қадар хориж ОАВда «ваҳимага ўрин йўқ» қабилидаги мақолаларнинг чиқиши ҳам кўпчиликни чалғитди, десак муболаға бўлмайди.

Аслида Covid-19’нинг дунё бўйлаб экспоненциал ўсишини англаш унчалик қийин эмас эди. Буни тушуниш учун «экспоненциал ўсиш»ни иқтисод фани дарсларида талабаларга тушунтиришда ишлатиладиган машҳур мисол – нилуфар гулининг ботқоқлик юзасини 30 кунда қоплашини эслаб ўтишимиз кифоя.

Талабаларга савол қўйилади: «Нилуфар гулининг сони ҳар куни икки баробар ўсса, қачон ботқоқлик юзасини нилуфар гули 50 фоиз эгаллайди?»

Жавоб эса оддий – 29-кунда. Ўттизинчи куни эса ўша 29 кун давомида кўпайган гуллар сонига тенг гуллар пайдо бўлади. Тасаввур қилинг, беморлар сонининг бир кунда 50 миллиондан 100 миллионга, ёки 1 миллиарддан 2 миллиардга кўпайишини...

Халқаро валюта жамғармасининг ҳисоботига кўра, жаҳон иқтисодиёти пандемия натижасида 9 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўриши кутилмоқда.

Бу зарарнинг минтақалар кесимидаги ҳолати қуйидаги расмда берилган. Унга кўра, Европа давлатлари ЯИМ -8,0 фоизгача, АҚШ -5,9 фоиз ва Россия -5,5 фоиз атрофида зарар кўриши мумкин. Хитой ва Ҳиндистон каби Осиё давлатларида эса ЯИМ ўсиши ижобий кўринишда давом этади. Ўзбекистонда ЯИМнинг ўсиши 2020 йил учун 1,8 фоиз деб тахмин қилинмоқда.   

Пандемиянинг 2020 йилда жаҳон давлатлари ЯИМига таъсири бўйича прогноз, фоизларда
Манба: Халқаро валюта жамғармаси

2020 йилда глобал иқтисодиётнинг ўртача 3 фоизга, жаҳон савдо айланмасининг 11 фоизга қисқариши кутилмаган тезлик билан содир бўлди ва айни пайтда унинг тикланиши 2021 йилга келиб V-шаклида (5,8 фоиз ва 8,4 фоиз мос равишда) бўлиши кутилмоқда. Бу ерда пандемиянинг қанча давом этиши ва вакцинанинг қачон оммавий равишда қўлланилиши юқоридаги таҳлилларнинг қанчалик тўғри чиқишида асосий омил ҳисобланади.

1980 йилдан бери глобал ЯИМ ўсиши, фоизларда
Манба: Халқаро валюта жамғармаси

Халқаро валюта жамғармаси бош иқтисодчиси Гита Гопинатнинг баёнотига кўра, пандемия натижасида жаҳон иқтисодиёти 9 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўради. Бу – Япония ва Германия ЯИМининг биргаликдаги ҳажмидан ҳам кўпроқ демакдир.

«Қора оққуш» ҳодисасининг яна бир хислати шундаки, у қанчалик чуқур бўлса, шунчалик тез тикланиши эҳтимоли ҳам бор. Бироқ бу сафарги молиявий инқироз 2008 йилдаги инқироздан ҳам анча жиддий тус олишини тан олиш керак, буни ҳатто охирги 100 йилликдаги энг йирик молиявий инқироз деб атаса ҳам бўлади.

Қуйидаги расмда жаҳоннинг энг йирик 500та (S&P500) компанияси акцияларининг неча кунда «Айиқ бозори» (Bear market) циклида сотилганини кўришимиз мумкин.

«Айиқ бозори» цикли
Манба: VisualCapitalist.com

Эпидемия натижасида жаҳон молия бозори 1929 йилдаги инқироздан ҳам жиддий зарар кўриши мумкин. Ўшанда S&P500 акцияларининг 20 фоизга арзонлашиши учун 30 кун талаб қилинган бўлса, Covid-19 бошлангандан кейин бунга атиги 16 кун етарли бўлди.

Албатта, бу ерда молия бозорининг 2020 йилда 1929 йилга нисбатан анча сезувчан бўлиб қолгани ва бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятининг инқироз билан ишлашда нисбатан анча тажриба тўплаганини ҳам ҳисобга олсак, бу сафарги инқироздан тез чиқиб кетишга умид қилсак бўлади.

Бунинг учун жаҳон ҳамжамияти иқтисодиёт, сиёсат ва соғлиқни сақлаш соҳаларида узвий мустаҳкам ҳамкорликни амалга ошириши ва ўзаро ҳамжиҳатликнинг аҳамияти ҳар доимгидан муҳимлигини англаб етиши лозим. Мамлакатлараро молиявий кўмак, биргаликда вакцина ишлаб чиқиш ва ўз вақтида ахборот алмашинуви эса муаммонинг кенг кўлам олиб кетишини олдини олишда асосий восита ҳисобланади.

Ҳар бир ҳодисадан хулоса чиқарганимиз каби, бу сафарги «қора оққуш ҳодисаси»дан ҳам тегишли хулосаларни чиқариб олишимиз керак, у бизга керакли дарсларни беряпти.

Наби Тоғаев,
Жорж Вашингтон университети магистри, молиявий таҳлилчи.

Мавзуга оид