Жаҳон | 14:44 / 13.10.2024
6995
4 дақиқада ўқилади

Доллар мустаҳкамланди, асосий криптоактивлар тебранишда давом этяпти — халқаро молия бозори шарҳи

Доллар индекси кўтарилиши фонида бошқа бир қатор валюталар қадрсизланди. Ҳафта давомида олтин қимматлашди, мис алюминий ва кумуш арзонлашди. Яқин Шарқдаги кескинликнинг кучайиши ортидан нефт нархи яна оша бошлади.

Фото: AFP

Молия бозорлари навбатдаги қайноқ ҳафтани муваффақиятли якунлади. Жорий ҳафта доимгидай бозорлар учун муҳим воқеаларга бой бўлди. Чоршанба куни оммага тақдим қилинган FOMC баённомасига кўра, АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) жорий иқтисодий ҳолатда ўзини яхши ҳис қиляпти. Инфляция 2 фоизлик кўрсаткичига яқинлашиб қолганига катта ишонч туфайли юмшатиш сиёсатининг биринчи қадами сифатида аксарият амалдорлар агрессив, яъни 0,5 фоизлик пасайтиришни қўллаб-қувватлаган. Бироқ бу қарор ўз оқибатини узоқ куттириб қўймади. Пайшанба куни эълон қилинган АҚШ истеъмол нархлари индексига кўра, сентябр ойида инфляция аввалги ойга нисбатан кўтарилиб, 3,3 фоизни ташкил этган. Худди шундай ҳолат АҚШ ишлаб чиқарувчилари индексида ҳам қайд этилган. Сентябр ойида индекс 0,1 фоизга кўтарилиши натижасида 2,8 фоизни ташкил этган.

Jahon Insights канали экспертлари 7 октябрдан 10 октябргача бўлган даврда халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.  

АҚШ топ фонд бозорлари индекси:

  • S&P500 – 5815 (ҳафта бошидан +1,11 фоиз, йил бошидан +21,91 фоиз);
  • NASDAQ – 18342 (ҳафта бошидан +1,13 фоиз, йил бошидан +22,19 фоиз);
  • DJI – 42863 (ҳафта бошидан +1,21 фоиз, йил бошидан +13,73

фоиз).

Ҳафта савдоларида Dow Jones индекси 511 пунктга, NASDAQ ва S&P500 мос равишда 205 ва 64 пунктга кўтарилди.

Асосий қимматбаҳо металлар:

  • Олтин – 2657 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан +0,14 фоиз, йил бошидан +28,81 фоиз;
  • Кумуш – 31,52 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан -2,07 фоиз, йил бошидан +32,57 фоиз.
  • Алюминий – тоннаси 2633 доллар (ҳафта бошидан -0,97 фоиз; йил бошидан +11,35 фоиз);
  • Мис – 4,47 доллар (ҳафта бошидан -1,55 фоиз; йил бошидан +15,87 фоиз)

Қимматбаҳо металлар эса макроиқтисодий маълумотлар ва геосиёсий тиғизликлар фонида турли натижалар қайд этди. Кумуш, алюминий ва мис ҳафта давомида мос равишда 0,67 доллар, 25,9 доллар ва 0,07 долларга пасайди. Олтин эса 3,76 долларга қимматлашди.

Нефт

  • WTI – 75,44 доллар (ҳафта бошидан +1,41 фоиз, йил бошидан +5,82 фоиз);
  • BRENT – 78,85 доллар (ҳафта бошидан +1,02 фоиз, йил бошидан +2,35 фоиз).

Ҳафта давомида нефтнинг WTI маркаси 1,05 долларга, BRENT эса 0,8 долларга қимматлашди.

Валюталар

  • USD/EUR: -0,35 фоиз (йил бошидан -0,93 фоиз);
  • CNY/USD: +0,70 фоиз (йил бошидан -0,44 фоиз);
  • TRY/USD: -0,02 фоиз (йил бошидан +16,21 фоиз);
  • UZS/USD: 0 фоиз (йил бошидан +3,86 фоиз);
  • RUB/USD: +0,88 фоиз (йил бошидан +7,24 фоиз).

Ҳафта савдоларида евро, рубл ва юан долларга нисбатан мос равишда 0,35 фоиз, 0,88 фоиз ва 0,7 фоизга пасайди. Лира 0,02 фоизга мустаҳкамланган бўлса, сўм курси ўзгармади.

Криптовалюта

  • Bitcoin – 62446 доллар (ҳафта бошидан -0,59 фоиз, йил бошидан +47,25 фоиз);
  • Ethereum – 2438 доллар (ҳафта бошидан -0,08 фоиз, йил бошидан +6,82 фоиз).

Асосий криптовалюталар АҚШда фоиз ставкаси туширилганига қарамай пасайишда давом этяпти. Bitcoin ва Ethereum ҳафта мобайнида мос равишда 0,59 ва 0,08 фоизга арзонлашди.

Бозорлар ҳақида қисқача

Сентябр ойидаги FOMC мажлиси натижасида фоиз ставкаси 0,5 фоизга пасайтирилиши молия бозорларига ижобий таъсир этишига қарамай, октябр ойида эълон қилинаётган макроиқтисодий маълумотларда ўз изини қолдираётганини кузатишимиз мумкин. Истеъмол нархлари индекси 2023 йил март ойидан бери биринчи марта 3,3 фоизгача кўтарилди, ишсизлик нафақасига даъво қолдирганлар сони эса 258 минг кишига етди. Сентябр ойидаги бандлик ҳисоботи кескин пасайиш томонга қайта кўриб чиқиладиган бўлса, бу ФЗТ учун ёмон сигнал бўлиши мумкин.

Эслатма! Тақдим қилинган маълумотлар муаллифга тегишли бўлиб, 7 октябрдан 10 октябргача бўлган вақт оралиғидаги молия бозорида юз берган ўзгаришлар асосида тайёрланган. Ушбу мақола инвестицион маслаҳат эмас.

 

Мавзуга оид