Ўзбекистон | 15:47 / 15.04.2020
9001
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимларининг навбатдаги гуруҳи алмашди

Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари институти клиникасида ўтган икки ҳафта мобайнида коронавирусга чалинган беморларни даволаш билан шуғулланган 67 нафар ходим реабилитацияга юборилди ва уларнинг ўрнида тиббиёт ходимларининг навбатдаги гуруҳи иш бошлади.

«Тиббиёт ходимлари дунё бўйлаб коронавирус пандемиясига қарши мардонавор курашаётганликларига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Юртимизда ҳам коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида тезкор ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Ушбу жараёнда, айниқса, тиббиёт ходимларининг фидойилиги таҳсинга лойиқ.

Ҳозирги мураккаб вазиятда қаҳрамонларча фаолият юритаётган соҳа фидойилари сафида Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари институти клиникасида жамоаси ҳам бор. Бугун ушбу клиниканинг матонат ва жонуярлик билан иш олиб борган 67 нафар ходими Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигида масъуллар томонидан алоҳида эҳтиром билан реабилитацияга кузатилди. Эндиликда улар ўрнида навбатдаги фидойи тиббиёт ходимлари фаолият бошлашади.

Давлатимиз раҳбари томонидан улар фаолиятига юқори баҳо берилиб, ўз ҳаёти ва соғлигини гаровга қўйиб, пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар, санитар ходимларга бутун Ўзбекистон халқи номидан чексиз миннатдорлик билдирганлари ҳам бежиз эмас.

Ушбу клиника жамоасининг халқаро стандартлар асосида даво муолажаларини олиб борганликлари учун ҳам куни кеча 10 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар бутунлай соғайишга эришди. Айни пайтда мазкур шифохонада даволанаётган юздан зиёд беморларни дарддан фориғ этиш йўлида тиббиёт ходимлари жасорат ва фидойилик намунасини кўрсатиб меҳнат қилишмоқда. Бу эса тез кунларда яна кўплаб беморларимизнинг бутунлай тузалиб кетишларига замин яратиши шубҳасиз.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бирдамликда бор маҳорати ва тажрибасини ишга солган ҳолда меҳнат қилишган тиббиёт ходимларига чуқур эҳтиром кўрсатган ҳолда, улар ўрнида фаолият бошлаган шифокорларга муваффақият тилади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид