Жамият | 14:09 / 16.04.2020
6220
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда ички ишлар органлари ходимларининг фаолияти юзасидан Call center ташкил этилади

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи томонидан карантин тадбирлари даврида пойтахт ички ишлар органлари ходимларининг фаолияти юзасидан мурожаатларни қабул қилиш учун “Қайноқ тармоқ” ташкил этиш топшириғи берилди

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Шу кунларда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Мудофаа вазирлиги хизматчилари билан ҳамкорликда карантин қоидаларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаб, фуқароларнинг саломатлигини ҳимоя қилиш йўлида хизмат қилмоқдалар. 

ИИББ хабарига кўра, фуқароларга карантин тадбирларининг тартиб-қоидалари, мақсади ва моҳияти, тиббий ниқоб тақиш зарурлиги ва уйни сабабсиз тарк этиш тавсия этилмаслиги эслатилмоқда.

Баъзи ҳолатларда қоидабузарларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилмоқда, санитария-эпидемиология назорати хизмати ишчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддасига мувофиқ баённомалар расмийлаштирилмоқда. 

Билдирилишича, шу сабабли баъзи фуқароларда ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимларининг ҳаракатлари борасида тушунмовчилик юзага келмоқда. Қайд этилишча, барча чоралар қонун доирасида кўрилмоқда.

“Бироқ, баъзи фуқаролар ҳар доим ҳам ички ишлар органлари ходимида ўз ҳимоячисини кўрмайди. Гоҳида ходимларнинг қўпол муомаласи ва фуқаронинг гапларига қулоқ солмаслиги бунга сабаб бўлади.  

Карантин қоидаларига риоя қилинишини таъминлаётган Тошкент шаҳар ИИББ ходимларига нисбатан сизнинг билдирган эътирозларингиз Бош бошқарма раҳбариятининг эътиборидан четда қолмаяпти. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, полковник Азиз Тошпўлатов томонидан карантин тадбирлари даврида пойтахт ички ишлар органлари ходимларининг фаолияти юзасидан сизнинг мурожаатларингизни қабул қилиш учун “Қайноқ тармоқ” (Call center) ташкил этиш топшириғи берилди”, - дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ИИББ ходимларининг фаолиятидаги камчиликлар ҳақида қуйидаги рақамлар орқали тун-у кун хабар бериш мумкин:

71 232-30-40, 71-232-40-50, 71 232-03-30.

Шунингдек, хабарлар Тошкент шаҳар ИИББнинг [email protected] электрон почтаси орқали қабул қилинади. 

ИИББнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги “ИИББ: Аҳоли билан мулоқот (Тошкент)” саҳифасига шахсий хабар кўринишида, шунингдек @iibb_bot телеграм-боти орқали мурожаат йўллаш мумкин. 

Мурожаатлар диққат билан ўрганилади, хабар берган маълумот тасдиқланса, ходимларга нисбатан қонун доирасида чоралар кўрилади.

Билдирилишича, аноним мурожаатлар текширилмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид