Ўзбекистон | 19:51 / 18.04.2020
47235
3 дақиқада ўқилади

«Навоийазот» раҳбари ишдан кетди

Республикадаги гигант корхоналардан бири бўлмиш «Навоийазот» АЖда раҳбар ўзгарди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Навоийазот» АЖ бошқарув раиси Баҳодир Шарипов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан лавозимидан озод этилган. Компания матбуот хизмати хабар беришича, эндиликда жамият раислиги вазифасини бажариш «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Одил Темировга юклатилган.

«Ўзкимёсаноат» АЖ матбуот хизмати хабар беришича, 18 апрель куни «Навоийазот» акциядорлик жамиятида «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқарув раиси Жўрабек Мирзамаҳмудов раҳбарлигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда 16 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган, кимё, агротехника ва автомобиль саноати корхоналарида ишлаб чиқариш суръатларини таъминлаш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида таъкидланган масалалар юзасидан «Ўзкимёсаноат» АЖ ва ташкилот тизмидаги корхоналар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ижроси муҳокама қилинган.

«Навоийазот» АЖ бошқарув раиси Баҳодир Шарипов бошқа ишга ўтгани сабабли жамият раислиги вазифасини бажариш «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Одил Шукурович Темировга юклатилган. Одил Темиров бир вақтнинг ўзида «Ўзкимёсаноат»даги лавозимини ҳам сақлаб қолади.

«Жўрабек Мирзамаҳмудов яқин бир ойда «Навоийазот» акциядорлик жамиятидаги поливинилхлорид корхонаси қувватини 90 фоизга етказиш, азот кислотаси ишлаб чиқариш лойиҳасини фойдаланишга топшириш вазифасини амалга ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш лозимлиги ҳақида билдирди.

Шунингдек, ҳозирги эпидемиологик вазият боис тозалаш ва дезинфекция воситаларига талаб ошганлиги, хусусан, қўшни давлатлардан 2 минг тонна гипохлоритга буюртма келиб тушганлиги ҳамда тоғ-кон металлургия саноати учун муҳим бўлган цианид тузларига ҳам эҳтиёж ортаётганлиги боис имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, мавжуд қувватларни модернизация қилишга қаратилган янги лойиҳалар тайёрлаш юзасидан берилган кўрсатмалар ижросига эътибор қаратиш лозимлиги ҳам таъкидлаб ўтилди», дейилади «Ўзкимёсаноат» АЖ матбуот хизмати хабарида.

«Навоийазот» акциядорлик жамиятида айни кунда қарийб 9 минг ишчи-муҳандис меҳнат қилади ва уларнинг 2,5 минг нафарини ёшлар ташкил қилади. 1964 йилда ишга тушган гигант корхонада 70 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Мавзуга оид