Жаҳон | 21:17 / 19.04.2020
23553
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда келаётган ҳафта коронавирус авж олишининг энг юқори даражаси кутилмоқда 

Қирғизистонда келаётган ҳафтадаёқ коронавирусга чалинишлар сонининг кескин ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Нурболот Усенбаев маълум қилди.   

Фото: Getty Images

“Дастлабки маълумотларимизга кўра, кейинги ҳафтада, эҳтимол, касалликнинг энг юқори даражаси кузатилиши мумкин. Эҳтимол, бу вазиятда каттароқ рақамлар қайд қилишимиз мумкин. Бироқ касалланиш чўққисидан кейин касалланишлар сони камайиб боради”, деб айтган Усенбаев.

“Биз бундай хулосага пандемия бошқа давлатларда қандай кечгани ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиш жараёнида келдик. Вируснинг тарқалиши ва фаоллиги суръати кўп жиҳатдан бир-бирига ўхшаш. Касалланишнинг энг юқори даражасидан кейин барқарорлашув, сўнгра эса касалланганлар сони камайиши кутилади. Биз чоралар ишлаб чиқдик ва янги ҳолатларга қарши тайёрмиз. Бироқ бир нарсани аниқ айтишим мумкин, биз вазиятни назорат остида ушлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширамиз. Бизда бунинг учун барча зарур воситалар мавжуд. Агар керак бўлса, мавжуд захираларни жалб қиламиз. Яна бир бор фуқароларга мурожаат қилиб, улардан уйда қолишларини сўраб қоламан. Агар ўзингизни бетоб ҳис қилаётган бўлсангиз шифокорларга  мурожаат қилинг ва яқин одамлар ҳамда танишлар билан мулоқотни чеклашга ҳаракат қилинг. Шунингдек, шахсий гигиенага риоя қилиш бўйича чораларни кучайтиришингизни сўрайман. Буларнинг барчаси сизнинг фойдангиз учун”, деб таъкидлаб ўтган мутахассис.

Унинг маълум қилишича, республиканинг барча чегара постларида шифокорлар мамлакатга кираётган юк машиналари ҳайдовчиларининг соғлиғини текшириш мақсадида коронавирусни аниқловчи экспресс-тестлар қўллашни бошлашган. 

19 апрель ҳолатига кўра, Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 554 нафарни, ундан вафот этганлар сони 5 нафарни ташкил қилмоқда. Касалланганлардан 134 нафари шифокорлар ва кичик тиббий ходимлардан иборат. 

Мавзуга оид