Сувдан-да арзонлаган «қора олтин». Нефть, уни қазиб олиш ва энг катта конлар ҳақида
«Жаҳон бозорида нефть нархи арзонлади», «Brent туридаги нефть нархи кескин кўтарилди», «WTI нефтининг нархи ноль долларга тушди», «OPEC’га аъзо давлатлар нефть қазиб чиқариш ҳажмини камайтириш ҳақида бир тўхтамга кела олмади» каби гапларни кунора ўқиймиз ёки телевизордан эшитамиз.
Бугун дунё иқтисодиётини нефтсиз тасаввур қилиб бўлмайдиган замонда унинг захиралари, энг кўп қазиб олаётган ҳамда жаҳон бозорига чиқараётган давлатлар ҳақида қанчалик биламиз. Дунё энергетикаси учун энг муҳим хом ашё ҳисобланган, 2008 йил 1 баррели 147 долларгача қимматлаган, бугун эса -40 долларга тушиб кетган нефть нима ўзи? Қуйида шу ҳақда.
Нефтнинг ўзи нима?
Нефть углерод, водород ва яна бир неча ҳил кимёвий моддалардан ташкил топган суюқлик ҳисобланади.
Нефтнинг таркиби:
Углерод — 84 фоиз;
Водород — 14 фоиз;
Олтингугурт — 1-3 фоиз;
Азот — 1 фоиздан камроқ
Кислород — 1 фоиздан камроқ
Турли металлар — 1 фоиз (темир, никель, ванадий, мис, хром, кобальт, молибиден ва бошқа металлардан иборат).
Нефть нафақат ёқилғи, балки кимё саноатида яна кўплаб турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ишлатилади.
Дунёдаги энг чуқур нефть кони Россиянинг Сахалин ярим оролидаги чуқурлиги 12 345 метр бўлган «Одопту ОП-11» кони ҳисобланади. Ернинг юза қисмига яқин конларда ҳатто 200 метрдан ҳам нефть олинади, аммо бундай конлар жуда кам. Асосий конлар 1000 метрдан пастда жойлашган.
Нефть қазиб олиш тарихи
«Нефть» сўзи бизга руслар орқали кириб келган бўлса ҳам у форсча «Нафт» сўзидан олинган. Русларга араблар ва турклар орқали ўтиб борган. Нефть шарқ халқларида қадим замонлардан бери маълум. Ундан илк марта Фрот дарёси бўйида яшаган одамлар эрамиздан аввалги 4000-6000 йил аввал фойдалана бошлаган. Кейинчалик Қадимги Миср, Юнонистон, фракияликлар, римликлар нефтни турли мақсадларда ишлатган. Ўша пайтларда асосан ер юзасига яқин бўлган конлардан табиий ҳолда оқиб чиқиб турган нефтдан фойдаланилган.
Нефтни саноат усулида қазиб олиш XVIII асрда пайдо бўлади. Нефтни саноат усулида қазиб чиқарадиган биринчи скважина 1846 йилда Боку яқинида қурилган. АҚШда эса 1857 йилда қурилган. Расмий маълумотларда АҚШда қурилган скважина дунёда илк қурилган деб тан олинади.
Баррель
Бугун жаҳон бозорида сотилаётган нефть баррелда ўлчанади. «Баррель» сўзи инглизча «Barrel» — бочка сўзидан олинган. 1 баррель нефтнинг ҳажми 158,988 литрни ташкил этади. Баррель сўзининг халқаро қисқартмаси bbl тарзида ёзилади. Бугун «Инглиз баррели», АҚШ баррели», «Француз баррели» терминлари ишлатилади ва уларнинг ҳажми турли ўлчамга эга. Нефть ўлчашда ишлатиладиган баррель инглизлар ўлчовидан олинган.
OPEC
Нефть қазиб олувчи давлатларнинг бир қисми нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти OPEC (The Organization of the Petroleum Exporting Countries)га аъзо. Улар Жазоир, Ангола, Венесуэла, Габон, Ироқ, Эрон, Конго, Кувайт, Ливия, БАА, Нигерия, Саудия Арабистони ва Экваториал Гвинея. Икки иқтисодий гигант Хитой ва АҚШ бу ташкилотга аъзо эмас. Шунингдек нефть қазиб олиш ва сотишда юқори ўринларда турадиган Россия ҳам OPEC’га аъзо бўлмаган. Ташкилот штаб-квартираси Австрия пойтахти Вена шаҳрида жойлашган. Бугун дунё нефть захирасининг учдан икки қисми, уни қазиб олиш ва сотишнинг 33 фоизи айнан OPEC’га аъзо давлатлар ҳиссасига тўғри келади.
OPEC 1960 йил 10-14 сентябрда Бағдодда бўлиб ўтган конференциясида Эрон, Ироқ, Кувайт, Саудия Арабистони ва Венесуэла вакиллари томонидан тузилган. Бошқа аъзолар кейинчалик қўшилган.
OPEC’га аъзо давлатлар ҳар доим жаҳонда юз берадиган воқеа-ҳодисалар туфайли маслаҳатлашиб нефть қазиб чиқаришни кўпайтириш ёки камайтириш ҳақида қарор қабул қилади. Нефть нархи қимматлашганда қазиб олишни кўпайтиради, арзонлашганда эса, аксинча, камайтиради. Шу йўл билан нефть нархини маълум даражада назорат қилади.
Айрим вақтларда ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида нефть қазиб олишни кўпайтириш ёки камайтириш бўйича келишмовчилик бўлиб туради. Шунингдек, OPEC ташкилотга аъзо бўлмаган бошқа давлатлар билан ҳам нефть қазиб олиш ҳажми бўйича музокаралар ўтказади.
Бундай музокаралар доим ҳам келишув билан тугамайди. Масалан, жорий йилнинг 6 март куни Венада OPEC ва унга аъзо бўлмаган давлатлар ўртасида нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш бўйича музокаралар ўтказилди. Унда ташкилот аъзоси бўлмаган Россия OPEC вакили Саудия Арабистонининг жаҳон бозорида нефть нархи тушиб кетаётгани сабаб уни қазиб олишни камайтириш ҳақидаги таклифига кўнмади ва музокаралар натижасиз якунланди.
Россия билан келиша олмагач, Саудия Арабистони нефть қазиб олиш ҳажмини 2020 йилга белгиланган режадан 26 фоизга оширди ва бу жаҳон бозорида нефть нархининг кескин пасайишига сабаб бўлди.
Нефть турлари
Бугун дунёда бир неча навдаги нефт қазиб олиниб, экспорт қилинади. Уларнинг ичида машҳурлари — Brent, WTI ва Urals нефть навларидир.
Brent — жаҳон бозорида сотилаётган нефтнинг номи Шимолий денгиздаги Broom, Rannoch, Etive, Ness ва Tarbert нефть конларининг номидаги бош ҳарфлардан ташкил топган қисқартма.
WTI — жаҳон бозорида сотилаётган нефтнинг иккинчи тури. Бу West Texas Intermediate сўзларидан олинган қисқартма. Номидан кўриниб турибди бундай турдаги нефть илк марта АҚШнинг Техас штатида қазиб олинган. WTI туридаги нефть асосан бензин олиш учун ишлатилади.
Urals — Россиянинг экспортга чиқарадиган нефть аралашмаси. «Транснефть» нефть қувурлари тизимида Урал ва Волгабўйи ҳудудларининг оғир, олтингугуртга бой (уларнинг таркибида олтингугурт миқдори 3 фоизгача етади) нефтлари ғарбий сибирнинг Siberian Light нефти билан аралаштирилиб сотилади. API градусларида зичлиги 31–32 (ёки 860–871 кг/м³).
Таққослаш учун Brent ва WTI навлари 38–40° APIга эга, таркибида олтингугурт миқдори 0,2-0,4 фоиз. Яқин шарқнинг Oman ва Dubai навлари 30-33° API, олтингугурт миқдори 1,1–2,1 фоиз.
Нефть захиралари ва уни қазиб чиқариш кўрсаткичлари
BP Plc компаниясининг баҳолашича бугун дунё бўйлаб жами аниқланган нефть захираси 1,73 триллион баррелни ташкил этади. (2018 йил маълумоти). Унинг 1,24 триллион баррели OPEC’га аъзо давлатларига тегишли.
2018 йилда дунё иқтисодиёти рекорд миқдордаги нефть истеъмол қилди — кунига 99,3 млн баррель. 2019 йилда бу кўрсаткич янада ошиши тахмин қилинган эди. Аммо АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши бунга йўл қўймади. Дунё нефтининг катта қисмини ишлатадиган Хитой иқтисодиётининг ўсиш суръатлари ана шу савдо уруши ортидан бироз секинлашди. Бу ҳолат Хитойнинг нефть истеъмолига таъсир қилди ва мамлакат 2018 йилдагидан камроқ нефть импорт қилди. Бу ўз ўрнида дунё нефть истеъмоли кўрсаткичига таъсир кўрсатди.
Қуйида дунёдаги энг катта нефть захирасига эга давлатлар рўйхатига назар ташлаймиз.
Нефть захираси энг кўп мамлакатлар (2018 йил маълумотларига кўра):
1. Венесуэла — 300,3 млрд баррель, дунё захирасининг 17,5 фоизи;
2. Саудия Арабистони — 297,7 млрд баррель, дунё захирасининг 17,2 фоизи;
3. Канада — 167,8 млрд баррель, дунё захирасининг 9,7 фоизи;
4. Эрон — 155,6 млрд баррель, дунё захирасининг 9,0 фоизи;
5. Ироқ — 147,2 млрд баррель, дунё захирасининг 8,5 фоизи;
6. Россия — 106,2 млрд баррель, дунё захирасининг 6,1 фоизи;
7. Кувайт — 101,5 млрд баррель, дунё захирасининг 5,9 фоизи;
8. БАА — 97,8 млрд баррель, дунё захирасининг 5,7 фоизи;
9. АҚШ — 61,2 млрд баррель, дунё захирасининг 3,5 фоизи;
10. Ливия — 48,4 млрд баррель, дунё захирасининг 2,8 фоизи;
...
12. Қозоғистон — 30 млрд баррель, дунё захирасининг 1,7 фоизи;
19. Озарбойжон — 7 млрд баррель, дунё захирасининг 0,4 фоизи.
Энг катта нефть захираларига эга давлатлар рўйхатининг биринчи ўнталигида жойлашган давлатларнинг ярмини OPEC’га аъзо давлатлар (Венесуэла, Саудия Арабистони, Эрон, Ироқ, Кувайт ва Ливия) ташкил этади.
Шунингдек, энг кўп нефть захирасига эга давлатларнинг ҳудуди ва аниқланган нефть захиралари ўртасидаги тафовут ҳам жуда катта. Масалан, Кувайт ҳудуди 17 818 километр квадрат бўлган ҳолда, аниқланган нефть захиралари 101,5 млрд баррелни ташкил этади. Россия Кувайтдан 1000 баробар кўп ҳудудга эга бўлса ҳам аниқланган нефть захираси Кувайтникидан бироз фарқ қилади, холос — 106,2 млрд баррель.
Дунё нефть захирасининг минтақалар бўйича тақсими:
Дунё нефть захираси дунё бўйлаб жуда нотекис жойлашган. Энг кўп захира Форс кўрфазида — дунё нефть захирасининг ярми жойлашган.
1. Форс кўрфази — 48,3 фоиз;
2. Марказий ва Жанубий Америка — 18,8 фоиз;
3. Шимолий Америка — 13,7 фоиз;
4. Россия ва МДҲ давлатлари — 8,4 фоиз;
5. Африка — 7,2 фоиз;
6. Осиё ва Тинч океани минтақаси — 2,8 фоиз;
7. Европа — 0,8 фоиз.
Манба: BP Plc, BP Statistical Review of World Energy 2019.
Бугун денгизда ёки –20 даража совуқда қидирув ишларини олиб бориш, конларини бурғулаш, ишга тушириш ва нефть қазиб олиш осон иш эмас. Шу туфайли бугун нефть қазиб олаётган турли давлатлар «қора олтин»ни қазиб олишда турлича харажат қилмоқда.
Масалан, Саудия Арабистони 1 баррель нефтни қазиб олиш учун 3 доллар атрофида маблағ сарфласа, Ғарбий ярим шарнинг шимолида жойлашган Канада ноқулай совуқ об-ҳаво шароитида 1 баррель нефть қазиб олиш учун 11,56 доллар сарфлайди. Асосан денгиздаги шельфлардан нефть қазиб оладиган Буюк Британия 1 баррель нефть қазиб олиш учун 17,36 доллар маблағ сарфламоқда.
Қуйида нефть қазиб олиш кимга қанчадан тушаётгани ҳақида маълумот (1 баррель нефть учун):
1. Эрон — таннархи 1,94$, жами харажати билан 9,09$;
2. Ироқ — таннархи 2,16$, жами харажати билан 10,57$;
3. Россия — таннархи 2,98$, жами харажати билан 19,21$;
4. Саудия Арабистони — таннархи 3$, жами харажати билан 8,98$;
5. Норвегия — таннархи 4,24$, жами харажати билан 21,31$;
6. АҚШ — (сланец) таннархи 5,85$, жами харажати билан 23,35$;
7. Индонезия — таннархи 6,87$, жами харажати билан 19,71$;
8. Венесуэла — таннархи 7,94$, жами харажати билан 27,62$;
9. Нигерия — таннархи 8,81$, жами харажати билан 28,99$;
10. Бразилия — таннархи 9,45$, жами харажати билан 26,64$;
11. Канада — таннархи 11,56$, жами харажати билан 26,64$;
12. Буюк Британия —таннархи 17,36$, жами харажати билан 44,33$.
Нефть қазиб олишда табий шароитдан ташқари қазиб олишни солиққа тортиш ҳам муҳим роль ўйнайди. Масалан, АҚШ ва Бразилияда нефть қазиб олиш учун жуда юқори солиқ белгилангани учун уни қазиб олиш харажатлари кескин ошиб кетади.
Энг кўп нефть захираларига эга давлатларда аҳоли сони ҳам бир-биридан кескин фарқ қилади. Шу сабабли нефть захиралари аҳоли жон бошига ҳисоблаганда Форс кўрфазидаги аҳолиси кам давлатлар юқори ўринларни эгаллайди.
Нефть захиралари (аҳоли жон бошига ҳисоблаганда):
1. Кувайт — 24 125 баррель;
2. Венесуэла — 10 552 баррель;
3. БАА — 10 009 баррель;
4. Қатар — 8 912 баррель;
5. Саудия Арабистони — 7 776 баррель;
6. Ливия — 7 135 баррель;
7. Канада — 4 536 баррель;
8. Ироқ — 3 625 баррель;
9. Гайана — 3 193 баррель;
10. Бруней — 2 583 баррель;
...
12. Қозоғистон — 1 617 баррель;
...
17. Озарбойжон — 696 баррель;
...
18. Россия — 548 баррель
(Манба: CIA World Factbook, Crude oil — proved reserves; United Nations, World Population Prospects 2019)
Энг катта нефть захирасига эга давлатлар уни қазиб олишда етакчи эмас. Масалан, Венесуэла нефть захиралари бўйича биринчи ўринда турса ҳам уни қазиб олишда кучли ўнликнинг охирида юради. Албатта, бунга бу давлатда охирги йилларда юз бераётган нотинчликлар ҳам сабаб бўлаяпти. Аммо нотинчликлар бошланишидан аввал ҳам Венесуэла нефть қазиб олишда биринчи ўринда эмас эди. Нефть захираси бўйича анча пастда бўлган АҚШ, Россия, Хитой каби давлатлар уни қазиб олишда етакчи ўринларни эгаллайди.
Йиллик энг кўп нефть қазиб оладиган давлатлар рейтинги (йиллик, 2018 йил маълумоти):
1. АҚШ — 571 млн тонна;
2. Саудия Арабистони — 561 млн тонна;
3. Россия 554 — млн тонна;
4. Канада — 235 млн тонна;
5. Эрон — 234 млн тонна;
6. Ироқ — 221 млн тонна;
7. Хитой — 190 млн тонна;
8. БАА — 175 млн тонна;
9. Кувайт — 145 млн тонна;
10. Венесуэла — 109 млн тонна.
Дунёдаги энг йирик нефть конлари
Дунёдаги энг йирик нефть конлари сирасига захираси 1 млрд тоннадан ошиқ бўлган конлар киради. Бундай конлар жаҳонда юзга яқин ва дунёнинг турли давлатларида жойлашган. Улар орасида 100 йил олдин очилганлари ҳам бор.
1. Ал-Ғовар, Саудия Арабистони
1948 йилда очилган. 12 млрд тонна захираси бор Saudi Aramco компаниясига тегишли.
2. Катта Бурқон, Кувайт
1946 йилда очилган. 11 млрд тонна захираси бор. Kuwait Petroleum Corp компаниясига тегишли.
3. Боливар Костал, Венесуэла
8,3 млрд тонна захираси бор. Petroleos de Venezuela компаниясига тегишли.
4. Юқори Закум, БАА
1969 йилда очилган. 7 млрд тонна захираси бор. ADNOC, ExxonMobil, Japan Oil Development Co. компаниялари ҳамкорликда фойдаланади.
5. Шимолий/Жанубий Порс, Қатар
1991 йилда очилган. 7 млрд тонна захираси бор. Qatar Gaz, Petropars компанияларига тегишли.
6. Кашаган, Қозоғистон
2000 йилда очилган. 6,4 млрд тонна захираси бор. Eni, ҚазМунайГаз, Total, Shell, Exxon Mobil, CNPC, Inpex компаниялари ҳамкорликда фойдаланади.
7. Самотлорское, Россия
1965 йилда очилган. 6,2 млрд тонна захираси бор. «Роснефть» компаниясига қарашли.
8. Дацин, Хитой
1959 йилда очилган. 5,7 млрд тонна захираси бор. PetroChina компаниясига тегишли.
9. Саффания-Хофжи, Саудия Арабистони, Кувайт
1951 йилда очилган. 5,5 млрд тонна захираси бор. Kuwait Petroleum Corp, Saudi Aramco компаниялари ҳамкорликда ишлатади.
10. Гечсаран, Эрон
1928 йилда очилган. 5,2 млрд тонна захираси бор. NIOC компаниясига тегишли.
Нефть экспортида ҳам нефть захираси кўп ёки уни энг кўп қазиб оладиганлар юқори ўринларда эмас. Фақат Саудия Арабистони ҳар учала рўйхатда ҳам юқори ўринда. Қолганларнинг ўрни алмашиб туради.
Нефть экспорти (2018 йил, ўртача бир кунда)
1. Саудия Арабистони — 8,3 млн баррель;
2. Россия — 5,22 млн баррель;
3. Ироқ — 3,8 млн баррель
4. АҚШ — 3,77 млн баррель;
5. Канада — 3,59 млн баррель;
6. БАА — 2,29 млн баррель;
7. Кувайт — 2,05 млн баррель;
8. Нигерия — 1,99 млн баррель;
9. Қатар — 1,47 млн баррель;
10. Ангола — 1,42 млн баррель;
11. Қозоғистон — 1,29 млн баррель;
...
16. Озарбойжон — 813 минг баррель;
Агар нефть импорт қилувчи давлатлар рўйхатига қарайдиган бўлсак, бозорнинг асосий истеъмолчилари Европа Иттифоқи мамлакатлари, Япония, Хитой каби давлатларни кўриш мумкин. Ажабланарлиси, улар орасида АҚШ ҳам бор. Дунё нефть бозорининг катта қисмини АҚШ нефть компаниялари назорат қилади ва дунё бўйлаб қазиб олинаётган нефтнинг катта қисмини улар харид қилади ва қайта сотади. Шу учун ҳам АҚШ нефть импорт қиладиган давлатлар орасида ҳам етакчи ўринларда туради.
Энг кўп нефть импорт қилувчи давлатлар (2018 йилда, ўртача бир кунда)
1. АҚШ — 7,97 млн баррель;
2. Хитой — 6,7 млн баррель;
3. Ҳиндистон — 4,06 млн баррель;
4. Япония — 3,21 млн баррель;
5. Жанубий Корея — 3,06 млн баррель;
6. Германия — 1,84 млн баррель;
7. Италия — 1,34 млн баррель;
8. Испания — 1,33 млн баррель;
9. Франция — 1,15 млн баррель;
10. Нидерландия — 1,09 млн баррель
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
16:31 / 09.06.2023
Reuters: Ар-Риёднинг нефть қазиб олишни қисқартириш қарори ОПEК+ давлатлари учун сюрприз бўлди
16:56 / 27.05.2023
Дронлар Россиядаги нефть қувурларига ҳужум қилишда давом этмоқда
23:26 / 15.05.2023
Россия нефтини денгиз орқали ташиш кўрсаткичлари чўққига чиқди — Bloomberg
21:26 / 02.05.2023