Жамият | 14:45 / 21.04.2020
30304
7 дақиқада ўқилади

Халқни ёмон кўриш мумкинми? Ижтимоий тармоқлардаги баъзи тасарруфлар ҳақида

Халқ — кенг тушунча. Унга муносабат ҳам. «Халқ битта одам эмаски, унга нисбатан яхлит бир муносабатга ўрин бўлса», — дейди кимдир. Ҳа, халқ бу — миллионлар. Аммо, лекин, бироқ...

Ўша «халқ» деб аталмиш миллионларни умумлаштирувчи, бирлаштирувчи тарихий, ижтимоий ва... маънавий омиллар бўлади. Айнан ўша омиллар сабаб биз халққа «жон» ато қиламиз, кишига хос бўлган хусусиятлар бағишлаймиз, унга гўё бир шахсдек муносабатда бўламиз, ўзимиз мансуб бўлган халқни ҳатто «она» деб атаймиз.

Бунинг тагида эса чуқур маъно бор — бизнинг ўз халқимизга муносабатимиз қандай бўлса, халқимизга мансублигимиз ҳам шу даражада бўлади. Айнан ўз халқимизга бўлган муносабатимизга қараб халқимиз билан кўринмас ришталар ила мустаҳкам боғланамиз ёки... ришталарга путур етказамиз. Кишининг ўз халқи билан ришталари узилиши эса она-бола ўртасидаги ришталар узилишига ўхшайди. Бу эса... чексиз мусибат.

Халқ бу — миллионлар, ичида яхшиси ҳам бор, ёмони ҳам, аммо халқнинг умумий тимсоли — юзи бўлади. Ўзбек халқининг ҳам... юзи бор. Бу юзни ўзбекнинг жамловчи хусусиятлари шакллантиради. Ўзлигини унутиб қўяёзган, фойда-зарарини англашга ожизлик қилиб қолган кишининг ҳорғин юзи — айни халқимизнинг юзи.

Ўзбекистон тарихининг янги босқичи «халқ билан мулоқот» шиори остида бошланди, десак муболаға бўлмаса керак. Давомли ўзаро узоқлик давридан кейин давлат ва халқ ўртасида бундай кўриниш олган янги шиор халқ этини жимирлатганди ўшанда. «Энди бизни тинглашаркан», деган хитоб ичларда янгради, «портал» сўзи эса энг машҳур сўзлардан бирига айланди. Халқ ичида ётган дардни қабул қилувчи, фантастик ҳикоялардаги каби «портал» очилди гўё. Халқ учун бу катта ҳодиса бўлди.

Ана шунда билиндики, халқ ўз дардини айтиши учун ҳам кўникмаси бўлиши керак экан, зеро халқ ҳатто дардини тўғри айтишни ҳам... унутиб қўйган экан. ­­

Нуқул ­­бошида калтак синиб келган, меҳнатга мажбурланган, сўзи инобатга олинмаган, ҳоли бир кўйдан бошқасига солинган, «кун кўрмаган» ёш болани кўз олдингизга келтиринг... Аянчли манзара-я? Энди шу боланинг дунёқараши, воқеликка, нарсаларга муносабати, фойда-зарарини била олиш қобилияти қай кўринишда бўлишини тасаввур этинг... Бир егулик топиб олса яшириб ейдиган, «тиқ» этса чўчиб тушадиган, фойдасини тушунтирсангиз тушунмай кўзини мўлтиллатиб турадиган мавжудот кўз олдингизга келди шу тобда, шундай эмасми?

Халқимизнинг ҳоли ўша — тасаввуримиздаги боланинг аҳволидан кўп ҳам фарқ қилмас эди...

Энди бир кун келиб шу боладан муаммолари сўралди, «дардингни айт» дейилди деб, тасаввур этинг... Қай ҳолга тушади у? Ахир, у учун бу ажиб ҳолат.

«Халқ билан мулоқот» йили эълон қилинишидан кейинги ҳолат гўё йиринг тўплаб ётган яранинг ёрилиши бўлди. Табиийки, яра ёрилганда йиринг бир ўзан бўйича — тартибли оқмайди, балки атрофга сачраб, кўнгилни хира қилади. Табиийки, сўзига, фикрига, дардига узоқ муддат қулоқ тутилмаган халқнинг ҳолати кўргазмали бўлиши мумкин эмасди, ҳалиги бизнинг тасаввуримиздаги боланикига ўхшаши аниқ эди. Ва бунга у — «бола»... айбдор эмас.

Ижтимоий тармоқ ва электрон нашрларда оддий халқ ичидан чиққан баъзи тасарруфлар устидан истеҳзолар, баъзида эса нафрат тўла сўзларни учратиш мумкин. Ҳаққини балки энди таний бошлаган халқнинг ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя этиш учун қилаётган нўноқ уринишлари давра ўртасига ташланиб, «оммавий қоралаш», сазойи қилиш манзаралари кўриниш беряпти. Буни кўриб бехосдан «кимни сазойи қиляпсизлар?!», деб юборгинг келади киши...

«Халқ» тушунчаси «она» тушунчаси билан муштаракдир. Зотан, халқнинг умумий ҳолига, жамловчи сифатларига хос бўлган тасарруфларни истеҳзо қилиш бу гўё онанинг ҳолини истеҳзо қилишдир — онангиз ожизлашиб қолса, уни истеҳзо қилмайсиз-ку?!

Нега бу ҳақда ҳозир ёзяпман, мавридими бунинг?

Ижтимоий тармоқ ва электрон нашрлар саҳифаларида ўрин олаётган баъзи чиқишлар орасида, юқорида тилга олинган сазойи қилиш манзараларидан ташқари, оммага қаратиб «одамлар ундоқ, халқ бундоқ, ношукр, яхшиликни билмайди», каби гаплар кўпайди, алал-оқибат эса бир тенденция, яъни муаммолар гапирилаётганда «халқнинг ўзи ёмон» деган маънога оғиб кетиш юз беряпти. Хатарли оғиш. Бунинг нимаси хатар?

«Халқнинг ўзи ёмон» деган тушунча секин-аста, билдирмасдан онг остига сингигандан кейин изига қайтиши қийин бўлган яширин салбий жараён бошланади. Ўта салбий маънавий жараён. Бу жараён натижасида кишилар ўртасида маънавий ришталар узилади, одамлар ўзларини халқдан айри кўра бошлашади, «оммавий манфаат» деган тушунчага жиддий путур етади: мансабдорлар ўзларини халқ хизматчиси ҳисобламай қўйишади, зеро «ёмон одам хизмат кўрсатишга арзимайди...»

Айни шу нарсага биз яқин ўтмишда дучор бўлган эдик ва... эндигина бундан қутуляпмиз.

Халқнинг том маънода ХАЛҚ бўлишининг ботиний сабабларидан бири ўзи айни шу нарса — «халқ» тушунчасини эҳтиром этиш, ўзни умумхалқ танасининг бир «ҳужайраси» деб тасаввур этиш, халқнинг камчилиги ҳақида гапирганда ҳам, ачиниб гапириш...

«Халқнинг ўзи ёмон» деган яширин кайфият жамият ҳаётининг барча тарафларига таъсир этади — биттасини қолдирмасдан. Унинг таъсирида шаклланадиган халққа нисбатан ишончсизлик қарор қабул қилувчиларга ҳам бевосита таъсир этиб, қабул қилинадиган ҳаётий қарорларнинг моҳиятини ўзгартириб юборади: халқнинг имкониятларига паст назар билан қаралади.

Оддий халққа хос бўлган умум белгиларни сазойи қилишдан эҳтиёт бўлиш керак, зеро бунда халқни ёмон кўришга ўтиб кетиш ҳеч гап эмас. Ва бу қандайдир хаёлий гўзаллик учун керак бўлган нарса эмас, балки айни ҳаётий заруратдир — яшаб қолиш учун керак бу. «Она»га оқ бўлиб қолиб, мусибатга учрамаслик учун керак бу...

Шокир Шарипов

Мавзуга оид